АҲМАДБЕКҲОЖИ МЕҲМОНХОНАСИ

АҲМАДБЕКҲОЖИ МЕҲМОНХОНАСИ — Андижондаги меъморий ёдгорлик (1905—07). Андижонлик пахта з-ди эгаси Аҳмадбекҳожи Темурбек ўғли қурдирган. Аҳмадбекҳожи ўз даврида йирик савдогар, саҳоватпеша бой бўлган. Унинг меҳмонхонаси қурилишида маҳаллий усталардан Ю. Мусаев, Уста Тошхон, Уста Яҳё ва уларнинг шогирдлари, безагида С. Норқўзиев қатнашган. Бино тарҳи П шаклида, очиқтомони Ғарбга қаратиб солинган. Шим. томони икки қаватли. Шим. қанот чеккасида мўъжазгина ҳаммом бор. Бино пишиқ ва хом ғиштдан, синч асосида қурилган. Хоналар 16 та бўлиб, уларнинг олди айвонли. Айвонларнинг ясси томини қатор ёғоч устунлари кўтариб туради. Айвон ва болохона шифтлари васса жуфт услубида ёпилиб, сир наққошлиги билан безатилган. Ҳамма дарвоза ва эшиклар анъанавий ҳолда ҳовли томонга қараган. Уй тарзи яланг девордан иборат. Идора вазифасини ўтайдиган Шим. қисми Европача услубда пардозланган. Шифти нақшинкор ганч билан безатилган катта хоналарга печлар қурилиб, кошинлар билан сирланган. Деворлар мойбуёқ билан пардозланган. Айвон эшикларининг орасига кўк рангда ислимий ва гириҳ нақшлар ишланган. Ёғоч карниз жимжимадор қилиб ўйилган.

Аҳмадбекҳожи меҳмонхонаси ҳовлиси ва боғи ўрнида ҳоз. Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғи бунёд этилган. Аҳмадбекҳожи меҳмонхонаси истироҳат боғининг ташқарисида қолган, бойнинг ёзги дам олиш хонаси — шийпони эса боғ марказида янги қурилган «амфитеатр» мужассамотига уйғунлаштирилган ҳолда сақланиб қолинган. Шийпоннинг ички безагида сир наққошлигидан фойдаланилган.

Аҳмадбекҳожи меҳмонхонаси бир неча бор таъмирланган (сўнгги таъмир 1999—2000 й. ларда бажарилган). Меҳмонхонада Андижон вилоят адабиёт ва саньат музейининг маъмурияти ва санъат бўлими жойлашган.

Loading...