АҲМАДИЯ

АҲМАДИЯ — 19 – а. охирида Ҳиндистонда вужудга келган диний ҳаракат. Мирза Ғулом Аҳмад Кодиёний (1835—1908) асос солган. У 19-а. нинг 70-й. ларида Панжоб мусулмонлари ўртасида йирик уламо ва авлиё сифатида ном чиқарган. Ислом тарихи ва илоҳиёт бўйича бир неча асар ёзган. 1891 й. да «Анжумани Аҳмадия» диний ташкилотини тузган. Издошлари уни «пайғамбар», деб эълон этган. Вафотидан кейин унинг ўрнига Ҳаким Нуриддин қолган. Башар Аҳмад ибн Ғулом ҳам таниқли Аҳмадия арбобларидан ҳисобланади, «Сийрат ул Маҳдий» («Маҳдийнинг ҳаёт йўли»), «Калимат ул-фадл» («Ажратувчи сўз») ва б. китоблари бор.

Аҳмадия ақидалари исломга зид. Аҳмадия ақидаси бўйича:

1) Ғулом Аҳмад ваъда қилинган Исо Масиҳ эмиш;

2) Аллоҳ рўза тутар, намоз ўқир, ухлар, уйғонар, ёзар, имзо чекар, баъзан адашар эмиш;

3) Муҳаммад (сав) охирги пайғамбар эмас, чунки Аллоҳ ўз эҳтиёжига кўра ер юзига пайғамбарлар юбориб турар, улардан энг афзали Ғулом Аҳмад эмиш;

4) Жаброил (ас) Ғулом Аҳмадга ваҳий олиб тушар эмиш;

5) Кодиён қишлоғи Маккаи-мукаррама ва Мадинаи-мунавварадан афзал эмиш;

6) арақ ичиш, афъюн ва б. маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилиш мумкин. Ҳоз. кунда аҳмадийлар Ҳиндистон ва Покистондан ташқари, бир неча араб мамлакатлари, Эрон, Афғонистан, Африка ҳамда Ғарб мамлакатларида тарқалган. Лондонда уларнинг катта маркази бор. Аҳмадийлар МДҲ ҳудудига кейинги йилларда кириб келди. Кўпроқ ишбилармон, тожир ва хайрия жамияти вакиллари сифатида Татаристон ва б. жойларда расмий рўйхатдан ўтган. Робита ал-алам ал-исломи (Ислом олами иттифоқи) Аҳмадияни «исломга ёт оқим» деб эълон қилган.

Абдуқаюм Азимов.