АҲМЕДОВ Ҳожиакбар (1906.1.6, ҳоз. Наманган тумани Хонобод қишлоғи — 1980.5.3, Наманган) — ўзбек хонандаси (баритон) ва актёр. Ўзбекистон халқ ҳофизи (1939). Ҳамнафаслари Жаъфархон Умаров ва Жамолқори Ғиёсовлар билан бирга Катта Фарғона канали, Шим. Тошкент канали қурилишларида қатнашган. Наманган мусиқали драма театрида (1934—41), Муқимий театрида (1941— 62) ишлаган. Сардор («Тоҳир ва Зуҳра»), Хисрав («Фарҳод ва Ширин»), Деҳқон ота («Офтобхон»), Ҳожи, Гўрўғли («Нурхон», «Равшан ва Зулхумор»), Раис («Олтин кўл»), Мадумар («Ватан ишқи») ва б. образларни яратган. Репертуаридан катта ашула, оммабоп ўзбек қўшиқлари ўрин олган: «Ҳормангиз», «Каналимга келинг», «Эй, кўнгил», «Илғор сувора», «Бир қамар», «Меҳнат ила», «Ҳур диёрим», «Ўзингдандир», «Ўргандим» ва ҳ. к. Наманган туманидаги болалар мусиқа мактабига Аҳмедов номи берилган.