АҲМЕДОВ Муроджон (1918.1.1, Қўқон яқинидаги Афғон қишлоғи — 1988.18.5, Қўқон) — актёр ва хонанда (драматик баритон). Ўзбекистон халқ артисти (1967). Ҳамроқул қори, Раҳмон ҳофизлардан ашула йўлларини, 3. Мирзатовдан саҳна сирларини ўрганган. Қўқондаги ёш томошабинлар театри (1933 — 34), Қўқон (1940 – 55), Фарғона (1956 – 81) театрларида ишлаган. Драма, мусиқали драма ва комедияларда рангбаранг образлар яратган; Тоҳир («Тоҳир ва Зуҳра»), Ҳайдар, Равшан («Нурхон», «Равшан ва Зулхумор»), Баҳодир («Бургутнинг парвози»), Ғофир («Бой ила хизматчи»), Азиз («Азиз ва Санам»), Наврўз («Гул ва Наврўз»), Карл Моор («Қароқчилар»), ҳофиз («Ўтган кунлар»), Ўктам («Кумуш тўй») каби жами 70 дан ортиқ хилма-хил қаҳрамонлар қиёфасини гавдалантирган. Аҳмедов қаҳрамонларини жасоратли, олижаноб, юксак туйғулар эгаси қилиб ёрқин тасвирлаган. «Олтин водий куйчиси» телефильми ва «Ўтган кунлар» бадиий фильмида («Ўртар»ни айтиб) суратга тушган. Аҳмедов мақом устаси, баланд авжларни ҳам бемалол айта оладиган кучли, ширали овозга эга бўлган. «Бу оқшом», «Ўртар», «Тоза лутф», «Баёт3», «Насри Уззол», «Бухоро ироғи» каби мақом йўллари, ашула ва катта ашулалар Аҳмедов репертуаридан ўрин олган.
Тўхтасин Ғифурбеков.