АҲОЛИ МИГРАЦИЯСИ

АҲОЛИ МИГРАЦИЯСИ — аҳолининг яшаш жойини ўзгартириши билан боғлиқ кўчиши. Аҳ-м. аҳолининг муҳим муаммоларидан бири бўлиб, унга кишиларнинг оддий механик кўчиш ҳаракати деб эмас, балки ижтимоий-иқтисодий хаётнинг кўп томонларини қамраган мураккаб ижтимоий жараён сифатида қаралади. Аҳоли миграцияси аҳолини жойлашиши, ерни хўжалик жиҳатдан ўзлаштириш, ишлаб чиқарувчи кучларни ривожлантириш, ирқлар, тиллар ва халқпарнинг пайдо бўлиши ва аралашиб кетиш жараёнлари билан боғлиқ. И. ч. ни жойлаштиришдаги ўзгаришлар бевосита меҳнат ресурсларини ҳудудий қайта тақсимлаш эхтиёжини келтириб чиқаради, бунга эса миграция ёрдамида эришилади.

Йўналишига кўра ташқи Аҳоли миграцияси ва ички Аҳоли миграцияси фарқланади. Ташқи Аҳоли миграцияси мамлакатдан чиқиб кетиш (муҳожирлик), ички Аҳм. эса мамлакат доирасида, вилоят ва туманлараро яшаш жойининг ўзгариши. Миграцион жараёнларда иштирок этувчилар — мигрант (муҳожир) лар, миграция оқими шаклланувчи ҳудуд — мигрантлар чиқувчи, улар борган ҳудуд — мигрантлар ўрнашувчи регион дейилади. Муайян мамлакатдан бошқа бирон-бир мамла-катга аҳолининг кўчиб кетиш жараёни эмиграция, унда иштирок этганлар эса эмигрантлар дейилади. Ва, аксинча би-рон бир бошқа мамлакатдан маълум мамлакатга аҳолининг кўчиб келиши иммиграция, унда иштирок этганлар иммигрантлар (келгиндилар) дейилади.

Аҳоли миграцияси доимий (турар жойни узил-кесил ўзгартириш), вақтинча (шартнома асосида маълум муддатга ишга, ўқишга ва б. сабаблар билан мамлакатдаги бир маъмурий-ҳудудий бирликдан бошқасига бориш, ёхуд хорижга кетиш), мавсумий (иқтисодиёт тармоқлари — қ. х., ундирувчи саноат соҳаси юмушлари, даволаниш, дам олиш ва б. сабабларга кўра кўчиш), маятниксимон (мокисимон) (эрталаб ишга, ўқишга кетиб, кечқурун уйига қайтиб келиш) миграция турлари бўлади. Маълум вақт давомида ҳудудга кўчиб келган ва кўчиб кетган кишилар сони ўртасидаги фарқ миграция сальдоси дейилади. Баъзан миграцияга туризм, курортга бориш, зиёрат, шунингдек мокисимон қатновчиларни ҳам киритадилар, лекин ту-рар жойни ўзгартирмагани учун уларни Аҳоли миграциясига киритиш мумкин эмас.

Қишлоқ аҳолиси ҳисобига шаҳарларда яшовчи аҳолининг тўхтовсиз ўсиб бориш тенденцияси ҳам мавжуд. Қишлоқларда яшаш шароитининг шаҳарларга нисбатан маълум даражада ноқулайлиги, унинг айниқса ёшларни иқтисодий, ижтимоий ва маданий жиҳатлардан тўла қондира олмаслиги бу тенденцияга сабаб бўлади.

Ўзбекистонда Аҳоли миграцияси жараёни янги з-д ва ф-каларнинг қурилиши, 50—60-й. ларда Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Бекобод, Ангрен, Олмалиқ, Янгиер ва б. саноат шаҳарларининг барпо этилиши ҳамда уларни ишчи кадрлар билан таъминлаш мақсадида шўролар даврида СССРнинг марказий саноат р-нларидан аҳолини оммавий кўчириб келтириш ҳисобига бўлди. Натижада бу шаҳарларда туб жой аҳолиси озчиликни ташкил этиб, кўпчилиги Республика ташқарисидан йўлланма билан келган кишилар бўлди. 1966 й. ги Тошкент зилзиласидан сўнг Тошкент ш. аҳолиси ҳам икки баравардан зиёд ортди. Уруш йилларида ўз юртларидан қочоқ бўлганлар ва бадарға қилинганлар ҳам Ўзбекистонда қўним топдилар.

Аҳ-м. жараёнига тарихий ва миллий анъаналар ҳам таъсир кўрсатади. Ўрта Осиё халқларида, жумладан ўзбекларда туғилиб ўсган жойга меҳри баландлигидан миграцияга мойиллик анча суст.

Нурислом Тўхлиев.

Prev Article

АҲМЕДОВ

Next Article

БААДЕ