АҲОЛИНИНГ МИЛЛИЙ ТАРКИБИ

АҲОЛИНИНГ МИЛЛИЙ ТАРКИБИ — муайян ҳудуд ёки мамлакатда яшовчи аҳолининг миллатлар бўйича таркиби. Аҳолининг миллий таркиби ҳақидаги маълумотлар аҳоли рўйхати ўтказиш ва статистик рўйхат олиб бориш йўли билан аниқпанади. Этник статистика ривожланмаган давлатлар, регионларда эса аҳолининг тил бирлигига, динига қараб миллатларга, этник гуруҳларга ажратилади.

Дунё аҳолисининг миллий таркибини аниқ билиш жуда мушкул, чунки дунёнинг кўп қисмларида ассимиляция (қоришиш) ва консолидация (миллий жипслашиш) жараёнлари кенг тарқалган. Айрим мамлакатларда ўтказилган рўйхатларда миллий таркиби нисбатан тўла ёритилади. Баъзи ҳолларда эса миллатлар ҳақида маълумот тўла кўрсатилмайди. Шунингдек, давлатлар бўйича қабул қилинган этник терминологияда ҳам фарқ мавжуд. Мас, инглиз, француз, испан тилида сўзлашувчи кўпгина мамлакатларда «миллат» тушунчаси доимо «давлат» тушунчаси билан тенглаштирилади ва «миллат» атамаси давлатга мансублик — фуқароликни билдиради. Шунинг учун кўп манбаларда этник гуруҳлар — халқпар ҳақида маълумотлар учрайди. Дунёда қарийб 3 минг халқ рўйхатга олинган ва улар турли қитъаларда истиқомат қилади.

Европа мамлакатлари Аҳолининг миллий таркиби бўйича 3 гуруҳга бўлинади:

1) бир миллатли давлатлар. Бу давлатларнинг ҳар бирида асосий миллат 90% ва ундан ортиқроқ қисмни ташкил этади. Бу гуруҳга Польша, Германия, Венгрия, Дания, Швеция каби 20 дан ортиқ мамлакат киради;

2) кўп миллатли давлатлар. Бу давлатларга Буюк Британия, Испания, Швейцария каби мамлакатлар киради. Уларда асосий миллат билан бирга бош-қа миллатлар ҳам истиқомат қилади ва аҳоли таркибида салмоқли ўринни эгаллайди;

3) оралиқ давлатлар. Бундай давлатларда миллий масалага оид муаммолар тўла ҳал қилинмаган. Оз сонли халқлар ва миллатларни мажбуран ассимиляция қилиш сиёсати амалга оширилади (Испания, Ирландия).

Осиё кўп миллатлилиги бўйича бошқа қитъалардан ажралиб туради. Бу қитъада бир миллатли давлатлар жуда кам. Уларга Япония, Корея ва айрим араб давлатлари — Яман, Саудия Арабистони, Иорданияни киритиш мумкин. Айрим халқлар бир неча давлатлар таркибида қолиб кетган. Мас, афғонлар (Афғонистон билан Покистонда), панжоблар (Покистон билан Ҳиндистонда), курдлар ва б.

Африка қитьаси Аҳолининг миллий таркибига кўра 3 этник областга бўлинади:

1) Шим. ва Шим.Шарқий Африка. Бу р-нларда ўзаро яқин араблар ва барбарлар яшайди;

2) Шарқий ва Ғарбий Судан. Бу ерларда фульбе, волоф, гвинеяликлар, гурлар, хауса, ибо каби халқлар яшайди;

3) тропик ва Жан. Африкада маданияти, урф-одати ва тили ўзаро яқин бўлган банту халқлари яшайди.

Америка қитьаси аҳолисининг миллий таркибида кўпчиликни (95%) Европадан кўчиб борган халқлар ва уларнинг аралашувидан вужудга келган гуруҳлар яшайди. У ерда миллатлар қайси давлатда яшаса, шу давлат номи билан аталади (америкаликлар, кубаликлар ва ҳ. к.).

Австралия ва Океания аҳолисини этник таркибга кўра икки қисмга ажратиш мумкин:

1) Австралия ва Янги Зеландияда инглизлар ва Янги зеландиялик инглизлар истиқомат қилади.

2) Полинезия, Меланезия ва Микронезия о. ларида аҳоли этник қабила-қабила бўлиб яшайди. Бу халқлар умумий ном билан папуаслар деб ҳам аталади.

Ўзбекистон ҳам кўп миллатли давлат. Республикада 120 дан ортиқ миллат вакиллари истиқомат қилади. Асосий миллат — ўзбеклар (аҳолининг 71,4%); шунингдек руслар (8,3%), тожиклар (4,7%), қозоқлар (4,1%), татарлар (2,4%), қорақалпоқпар (2,1%) ҳам яшайди (1989).

Мамлакат Бурцева.

Loading...