АЖАЛ ВОДИЙСИ

АЖАЛ ВОДИЙСИ (DeathValley) — АҚШ жан.-ғарбида жойлашган Мохаве чўлидаги (Калифорния штати) тоғ оралиғи ботиғи. Амаргоса ва Панаминт тизмалари оралиғидаги сувсиз жой. Уз. 250 км чамасида, майд. қарийб 840 минг га. Ер курасидаги энг чуқур жойлардан бири (денгиз сатҳидан 85 м паст) ва қақраган чўл. Шим. Америкадаги энг паст жой. Ҳавонинг мутлақ максимум т-раси 56,7° (Ғарбий ярим шарда энг юқори). 1849 й. да бу ерда бир гуруҳ олтин қидирувчилар ташналикдан нобуд бўлганлигидан водий шундай ном олган. Миллий табиат ёдгорлиги сифатида 1933 й. дан муҳофаза қилинади.