АЖАРИЯ

АЖАРИЯ, Ажария Мухтор Республикаси — Грузия Республикаси таркибида. 1921 й. 16 июлда ташкил топган. Закавказьенинг жан.-ғарбида, Қора денгиз соҳилида жойлашган. Майд. 3 минг км2, аҳолиси — 385 минг кишига яқин (1999). Ажарияда 5 туман, 2 шаҳар, 7 шаҳарча бор. Пойтахти — Батуми ш.

Табиати. Ажария денгиз соҳили пастбаланд, бошқа жойлари тоғли. Туркия б-н чегара бўйлаб баланд Шавшет тоғ тизмаси ўтади. Месхети; Арсиян тизмалари ҳам бор. Ажария ҳудудида 500 м гача баландликда иқлим субтропик, тоғларда мўътадил совуқ. Пасттекисликда янв. нинг ўртача т-раси 4°, 7°, июля а 20°, 23°, тогларда янв. да — 2°, июлда 16°. Йиллик ёғин миқдори ички водийларда 1000—1400 мм. соҳилда 2400—2800 мм. Энг катта дарёси — Чорох; Батуми ш. яқинида Қора денгизга қуйилади. Бу дарёнинг юқори оқими Туркияда, унинг ирмоғи — Ажарисцкали Шарқ-ан Ғарбга бутун мамлакатни кесиб ўтади. Фойдали қазилмалари: мис ва полиметалл рудалар, олтингугурт колчедани, ўтга чидамли тупроқлар. Туп-оқлари тоғларда тоғ-ўтлоқ ва тоғ-ўрмон, денгиз соҳилидаги тоғ олдида қизил тупроқ. Ҳудудининг 50% дан кўпроғи ўрмонлар б-н қопланган. Тоғ ён бағирларида каштан, дуб, граб, арча, пихта, денгиз бўй и да субтропик ўсимликлар (пальма, магнолия ва ш. к.) ўсади. Эвкалипт, бамбук ҳам учрайди. Кинтриши қўриқхонаси бор.

Ахолиси. Ажарияда грузин (ажар)лар, шунингдек руслар, арманлар, украинлар ва б. яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги — 1 км2 га 135,3 киши. Аҳолининг 48% шаҳарларда истиқомат қилади. Ажарлар тили грузин тили лаҳжаларидан бири ҳисобланади. Йирик шаҳарлари: Батуми, Кобулети.

Тарихи. Мил. ав. 6—2-а. ларда Ажария Колхида подшоҳлиги, сўнгра Ғарбий Грузия давлати таркибига кирган. 11—15-а. ларда Ажария ҳудуди бирлашган грузин давлатининг бир қисми бўлган. 16-а. нинг 2-ярмида Грузиянинг заифлашуви сабабли Ажарияни Туркия босиб олди ва аҳоли орасида мусулмон динини тарқата бошлади. 1877—78 й. ги Россия-Туркия уруши натижасида А. Россияга қўшиб олинди. 19-а. нинг 80-й. ларида Ажарияда саноат ривожлана бошлади. 1897—1907 й. ларда Боку — Батуми нефть кувури ётқизилди. 1918 й. апр. да Батуми, Ахалцихе, Ардаган ва Гуриянинг бир қисмини турк қўшинлари, дек. да эса бутун Ажарияни инглиз қўшинлари босиб олди. 1920 й. июлда улар ҳокимиятни меньшевикларга топширди. 1921 й. мартда совет ҳокимияти ўрнатилди. 1921 й. июлда Грузия ССР таркибида Ажария АССР тузилди. 1990 й. дек. дан А. Мухтор Республикаси.

Хўжалиги. Қ. х. Ажария иқтисодиётининг асосини ташкил кил ад и. Субтропик зироатчилиги, айниқса цитрус мевалари етиштириш ривожланган. Маккажўхори асосий қ. х. экини ҳисобланади. Боғдорчилик, токчилик, тамакичилик катта ўрин олади. 1949 й. дан Ажариянинг бутун соҳил бўйларига чой экила бошлади. Чорвачилик, паррандачилик, пиллачилик, асаларичилик, соҳилда балиқчилик билан шуғулланилади. Саноат корхоналарининг аксарияти Батуми ш. да жойлашган. Шаҳарнинг кўпчилик аҳолиси портда ва Қора денгизнинг шарқий соҳилидаги нефтни қайта ишлаш з-дида ишлайди. Ажарияда машинасозлик, кемасозлик, тахта тилиш, ёғочсозлик, фанер ва мебель ф-калари, озиқ-овқат ва енгил саноат корхоналари, бир неча йирик чой ф-каси бор. Батуми кофеин з-ди машҳур. Электр энергиянинг ягона маҳаллий манбаи Ажарисцкали ГЭСи, шунингдек бир неча иссиқлик электр ст-яларидир. Ажария ҳудудидан Батуми — Боку т. й.. Батуми — Самтредиа, Батуми — Ахалцихе автомобиль йўли ўтади. Асосий денгиз порти — Батуми ш. А. да Батуми, Махинжаури, Цихисдзири, Бешуми, Кобулети, Яшил Бурун курортлари бор. Ажария четга нефть маҳсулотлари, янги ва консерваланган цитрус мевалар, чой, ҳўл мева, узум, тунг ва эфир мойлари, тамаки маҳсулотлари, чой ва вино саноати учун асбоб-ускуна, фанер, мебель чиқаради. Четдан металл, асбоб-ускуна, қурилиш материаллари, ун, тўқимачилик маҳсулотлари олади. Маданияти. Ажарияда барча турдаги умумий таълим мактабларида 65 мингдан ортиқ ўқувчи ўқийди. Ўрта махсус ўқув юртлари, Батуми денгизчилик академияси, Батуми ун-ти, Батуми политехника ин-ти, аквариум, дельфинарий, и. т. муассасалари, ботаника боғи, оммавий кутубхоналар, клуб муассасалари, кино қурилмалар бор. Грузин ва рус тилларида газ. чиқади. Радиоэшиттириши ва ретрансляция телекўрсатуви мавжуд. Ажария адабиёти — грузин адабиётининг таркибий қисми. Ёзувчилардан М. Варшанидзе, 3. Горгиладзе, П. Лория, Н. Малазония, Ш. Роква, П. Руруа, Ф. Халваши, Г. Салуквадзе, А. Шервашидзе ва б. уни ривожлантиришга ўз ҳиссаларини қўшганлар. Ажария меъморлик обидалари: Гониадаги қалъа, Византия давридан қолган Цихисдзиридаги Петр қалъа-шаҳри (6-а. да асос солинган), Тамарисцихе қалъаси, Схалтдаги ибодатхона (13-а.), Махунцети, Дандало, Сапуткретидаги бир аркали кўприклар ва б. А. да қадимдан амалий безак санъати (ёғоч ўймакорлиги, зарб қилиш, каштачилик) ривожланган. Кейинги йилларда профессионал санъат ўсди (рассомлар Ш. Холуашвили, С. Артмеладзе, X. Инаишвили; ҳайкалтарошлар Т. Чантуриа, М. Болквадзе ва б.). Батумида Давлат қўшиқ ва рақс ансамбли, халқ ижоди уйи, мусиқа хореография жамияти бор. 1937 й. дан Батумида И. Чавчавадзе номидаги театр ишлаб турибди. Театрдаги Ю. Кобаладзе, А. Мгеладзе, Н. Тетрадзе каби машҳур артистларнинг ижоди диққатга сазовор. 1980 й. дан қўғирчоқ театри, 1993 й. дан опера театри ишлайди. Батуми ш. даги ўлкашунослик музейида Ажария аҳолиси этнографиясига оид буюм ва ашёлар мавжуд.