АЖДАРГУЛ

АЖДАРГУЛ, итоғиз (Antirhinum) — сигирқуйруқдошлар оиласига мансуб бир йиллик ва кўп йиллик ўтлар (баъзан, чалабута ўсимликлар) туркуми. 40 га яқин тури бор. Асосан, Европа ва Шим. Америкада, қисман Осиёда тарқалган. Ўрта Осиёда Аждаргулнинг бир тури — йирик аждаргул (A. majus L.) хушманзара ўсимлик сифатида ўстирилади. Бу тўрнинг пояси 30—60 см, барги наштарсимон, пастдан юқорига майдалашиб боради. Гуллари икки лабли, оғзи юмуқ, шингил тўпгулларига йиғилган. Аждаргулнинг қизил, пушти, сариқ ёки оқ гулли хиллари учрайди. Чангчилари тўртта, гулкосачаси 5 баргчали, тукли. Меваси — кўсакча. Ўзбекистонда сигирқуйруқцошлар оиласига мансуб ва Аждаргулга ўхшаш бир қанча ўсимликлар (мас, зиғирак) ҳам баъзан Аждаргул деб юритилади.

Prev Article

АЖДАР ДАВР

Next Article

АЖОЙИБХОНА