АЖИНАТЕПА — будда ибодатхонаси харобаси сақланган тепалик (6—8-а. лар). Қўрғонтепа ш. (Тожикистон Республикаси)дан 12,5 км шарқда. Тожикистон археологик экспедицияси томонидан қазиб ўрганилган (1961—69). Ибодатхона ва монастирдан иборат 2 қисмли иншоот (100×50) топилган. Қазишмалар даврида беш юздан ошиқ санъат ёдгорликлари — ҳайкаллар, нақшлар, деворий расмлар ва уларнинг парчалари топилган. Будданинг ўлим тўшагида ётган 12 м ли ҳайкали ва совғa келтираётганларнинг деворий расмлари муҳим тарихий аҳамиятга эга.
Ад.: Литвинский Б. А., Зеймаль Т. И., Аджина-Тепе, М., 1971.