АЖИНИЁЗ Кўсибой ўғли (тахаллуси Зевар) (1824 — Мўйноқ тумани — 1878) — қорақалпоқ шоири. Эски мактабда, сўнгра Хивадаги Шерғозихон мадрасасида ўқиган. Қорақалпоқ зиёлилари орасида биринчилардан бўлиб охунд даражасига эришган. Ўзбек, қозоқ, туркман тилларини яхши билган. Ажиниёз адабий меросидан бизга 100 га яқин шеър ва достонлари етиб келган. Шеърларида ватанпарварлик, инсонпарварлик ғоялари куйланган. «Керак», «Бўлади», «Бўлмаса», «Яхши», «Йигитлар» каби асарларида Ажиниёзнинг инсонпарвар ғоя лари, фалсафий қарашлари ифодаланган. Асарлари халқ орасида кенг тарқалган. «Қиз Менгеш билан айтишув» асари (1878) машҳур. Унинг ҳаёти ҳақида ёзувчи К. Султонов «Ажиниёз» романини (1967), шоир И. Юсупов «Ажиниёз» операси либреттосини яратган (1989). Асарлари ўзбек тилида нашр этилган («Танланган асарлар», 1962 ва б.).
1999 й. Ўзбекистонда Ажиниёз таваллудининг 175 йиллиги кенг нишонланди. Нукус ш. нинг хушманзара жойида шоир номи билан аталувчи майдон барпо этилди ва Ажиниёзга ҳайкал ўрнатилди.
Ад.: Саитов Б., Бердақ ва Ажиниёз асарлари луғати, Нукус, 1970.