АЖМЕР, Ажмир — Ҳиндистоннинг Ражастхан штатидаги шаҳар. Аравали тоғида, 900 м баландликда жойлашган. Аҳолиси 402 минг киши (1991). Транспорт йўллари тугуни. Тўқимачилик саноати маркази. Ипгазлама, шойи ва трикотаж ф-калари, машинасозлик корхоналари, т. й. устахоналари бор. Бадиий ҳунармандчилик (шойига гул тикиш, тўр туқиш) ривожланган. Мамлакатнинг асосий диний марказларидан. Ажмер 12-а. бошларида вужудга келган ва Чауханлар давлатининг пойтахти бўлган. 1192 й. дан Муҳаммад Ғурийга қарашли, кейинроқ Дехли султонлари тасарруфига ўтган. 1556 й. дан Бобурийлар ҳукмронлигида бўлган. 1818 й. да инглизлар босиб олган. 1947 й. дан мустақил Ҳиндистон таркибида. Ажмерда 12-а. да қурилган масжид, 16-а. да солинган қалъа ва саройлар сақланган.