АЖРАТИЛГАН МУҲИТДА ЎСТИРИШ

АЖРАТИЛГАН МУҲИТДА ЎСТИРИШ, ўсимликни ажратилган муҳитда озиқлантириш — ўсимликлар физиологиясини тадқиқ қилиш усулларидан бири; Аж. м. ў. ни биринчи бўлиб рус олими П. Р. Слёзкин қўллаган (1893). Ажратилган муҳитда ўстиришда ўсимлик илдизлари икки ёки ундан кўпроқ қисмга тақсимланиб, озиқ моддаларининг ҳар хил аралашмасидан ташкил топган эритмага жойлаштирилади. Бунинг учун тупроқ (кўпинча қум) ёки эритма солинган (сувли муҳит), ҳажми турлича идиш ишлатилади. Идишлардаги озиқ моддаларнинг турли таркибда бўлиши уларнинг ўсимликлар томонидан қандай сингдирилиш жараёнини кузатишга имкон беради (қ. Вегетацион усул).