АЖЗИЙ

АЖЗИЙ (тахаллуси; асл исми Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий) (1864 — Самарқанд — 1927) — маърифатпарвар шоир, таржимон. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1926). Самарқанд, Бухоро мадрасаларида ўқиган. Араб, форс, озарбайжон тилларини мукаммал билган. Кейинроқ рус тилини ҳам ўрганган. 1901—03 й. ларда Кавказ, бир қатор Араб мамлакатлари ва Россияга саёҳат қилган. Жиддада маълум муддат рус элчихонасида таржимон бўлган. Самарқандга қайтгач, шаҳар яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида янги усулдаги мактаб очиб, ўқитувчилик қилган. Л. Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг «Шинель» повестини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилган (1908 — 10). Дарслик ёзиб, таржималаридан намуналар киритган. Ажзий 80-й. лардан шеър ёза бошлаган. «Айн уладаб» («Одоб чашмаси», 1916), «Ганжинаи ҳикмат» («Ҳикмат хазинаси», 1914) каби-шеърий тўпламлари, «Миръоти ибрат» («Ибрат ойнаси», 1914), «Анжумани арвоҳ» («Арвоҳлар йиғини», 1912) достонлари нашр қилинди. «Миръоти ибрат»да Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илмфан, давлат, тил, қонун — буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, дейди. «Анжумани арвоҳ»да эса хонликдаги турғунлик танқид қилинган. Шеърлари чуқур фал-сафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва Бедилона услуби билан ажралиб туради. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди.

Ажзий 1917 й. фев. инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этди. 1918—21 й. да Вилоят Адлия комиссари лавозимида ишлади. 1922й. дан яна ўқитувчиликка қайтган. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги «Машраб», «Мулла Мушфиқий» каби ҳажвий жур. ларни, «Зарафшон» газ. ни чиқаришда фаол иштирок этган. «Майна», «Гинагина», «Шашпар», «Тир», «Гумном», «Олмос» имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1903 й. да Ҳалвойи қишлоғида шоирнинг ўзи қурдирган мактаб ҳали ҳам бор, ҳозир унинг номида.

Ас.:Сиддиқий — Ажзий, Танланган асарлар, Т., 1973.

Ад.: Қосимов Б., Маслакдошлар, Т., 1994.

Loading...