АКАДЕМИЯ

АКАДЕМИЯ (юн. — Akademos — афсонавий қаҳрамон Академ номидан) — кўпгина илмий муассаса, жамоат ташкилотлари, ўқув юртларининг номи. Мил. ав. 4 – а. да Платон (Афлотун) асос солган юнон фалсафий мактаби (қ. Платон академияси), Афина яқинидаги жой ҳам унинг номи билан аталган. Шарқ мамлакатларида Академия тарзидаги муассаса ва жамиятлар 8—9-а. ларда таркиб топа бошлаган. Хусусан, араб халифалигида Ҳорун ар-Рашид ҳукмронлиги даври (786—809) да «Байт ул-ҳикмат» («Ҳикмат хонаси»)га асос солиниб, халифа Маъмун ҳукмронлиги даври (813 — 833)да «Байт ул-ҳикмат»нинг фаолияти янада ривож топган, унинг расадхонаси ва катта кутубхонаси бўлган (буюк математик Мусо Хоразмий ва астроном Аҳмад Фарғоний шу ерда ишлаган). Машҳур олим ва шоир Ибн Хамдон (935 й. в. э.) Мосул ш. да кутубхонали «Дор ул-илм» («Илм уйи») очган ва бу жой илмга интилганларнинг кириши учун бемалол бўлган. Бундай Алар Бағдодда, шунингдек Мисрда ҳам очилган. 1010 й. да Урганчда Маьмун академиясига асос солинган. Абу Райҳон Беруний шу Академиянинг раҳбари бўлган (бу Академия доирасида Абу Али ибн Сино, файласуф Абу Сахл Масиҳий, табиб Абулҳасан Ҳаммор ва б. иш олиб боришган). Амир Темур томонидан Самарқандда тўпланган олим, ёзувчи ва меъморлар 15 – а. фани ва маданияти тараққиётига муносиб ҳисса қўшганлар. Улуғбек мадрасаси ва расадхонаси ҳам ўз даврининг Академия сидир (қ. Улуғбек академияси); бу А. Қозизода Румий, Ғиёсиддин Жамшид ал-Коший, Али Қушчи ва б. буюк математик ҳамда астрономларни бирлаштирган. 15 – а. нинг 2 – ярмида илмий ва маданий марказга айланган Ҳиротда, Навоий атрофида олим, ёзувчи, рассом, созанда ва б. дан таркиб топган ўзига хос илмий ва бадиий жамият юзага келган. Ҳирот миниатюра мактабинн ўрта аср Шарқида давлат томонидан таъсис этилган биринчи бадиий Академия деб ҳисоблаш мумкин (Беҳзод шу Академиянинг энг йирик вакилидир). 15—16-а. ларда Европада (Италияда) турли илмий жамиятлар Академия деб атала бошлаган; уларнинг фаолияти асосан ижтимоий фанлар йўналишида бўлган. 17-а. да бир қанча илмий жамиятлар — А. лар тузилиб, улар асосан табиатшунослик масалалари билан шуғулланган. 17-а. нинг 2 – ярмидан давлат ҳокимияти ёрдами билан бир қанча мамлакатларда миллий илмий марказ сифатидаги Академиялар тузилди; мас, Лондондаги Қироллик жамияти (1660), Париж ФА (1666), Берлиндаги Пруссия ФА (1700), Петербург ФА (1724). Ҳоз. вақтда комплекс турдаги ФА ёки уларга ўхшаш муассасалар кўп мамлакатларда бор; бу мамлакатларнинг кўпларида фан ёки маданиятнинг бирор тармоғини қамраган соҳа Академия лари ҳам мавжуд.

Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси мамлакатнинг олий илмий ташкилоти ҳисобланади; Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Бадиий академияси ҳам мавжуд. Ўзбекистон ва баъзи мамлакатлардаги айрим олий ўқув юртлари ҳам Академия деб аталади (мас, ЎзР Қуролли Кучларининг Ҳарбий Академияси, ЎзР Ички ишлар вазирлиги Академияси, Россиядаги К. А. Тимирязев номидаги Москва Қишлоқ хўжалик А. си). Шунингдек республикамизда Давлат ва жамият қурилиши академияси ҳам фаолият юритади. Мамлакатлар ФА ҳақида шу мамлакат ФА ҳақидаги алоҳида мақолаларга қ., мас, Австрия Фанлар академияси, Украина Фанлар академияси.

Prev Article

АЙҒИР

Next Article

АКАРИФАГЛАР