АКАДЕМИЗМ

АКАДЕМИЗМ (франц. academisme) — тасвирий санъатдаги йўналиш. Қад. дунё ва Уйғониш даври санъати шакллари, санъатнинг ташқи кўринишларига тақлид қилишга асосланган. Академизм бадиий таълимни тартибга солишга, мумтоз анъаналарни «абадий» қонунлар тизими ва қўлланмаларига айлантиришга имкон яратди. Санъатда қад. анъаналарга ва юксак маданийликка таяниш бу таълимотнинг кучли томонларидан эди. Замонавийликни «юксак» санъатга хос бўлмаган хусусият деб эълон қилиб, унга замонавий ва миллий бўлмаган гўзаллик нормалари, идеаллаштирилган образлар, ҳаётдан узоқ мавзуларни қарши қўйди. Расмий йўналиш сифатида ўзининг эстетикасини миллий реалистик санъатга қарши қаратади. Дастлаб Болонья академияси (Италия) да пайдо бўлган (16 – а.) бу йўналиш кейинчалик Европа мамлакатларига кенг ёйилди. 19 – а. да Академизм (Италияда А. Канова, Францияда Д. Энгр ва б.) классицизм анъаналарига таяниб романтиклар, реалистлар ва натуралистларга қарши кураш олиб борди. Реалистлар ва оппозиция таъсирида Академизм инқирозга учради, 19 – а. охири — 20 – а. да бир қатор мамлакатлардагина асосан янги шаклнеоклассицизм кўринишида сақланиб қолди.

Академизм тушунчаси кенг маънода ҳар қандай қонунлаштириш, ўтмиш санъатнинг идеаллари ва қоидаларига мурожаатни англатади.

Prev Article

АЙҒИР

Next Article

АКАРИЦИДЛАР