АКРАМХЎЖАЕВ Обид Муродович

АКРАМХЎЖАЕВ Обид Муродович (1920.12.10 – Тошкент – 1996.15.9) — геолог олим, Ўзбекистон ФА акад. (1966), Ўзбекистонда (1964) ва Қорақалпоғистонда (1964) хизмат кўрсатган фан арбоби, проф., геол.-минералогия фанлари д-ри (1959). Ўрта Осиё индустрия ин-тини тугатган (1945). Ўзбекистон ФА Геология ин-тида катта илмий ходим, палеогеография лаб. мудири (1950—57), Бутуниттифоқ нефть геологик-қидирув ин-тининг Ўзбекистон филиали директори (1957 — 59). Ўзбекистон ФА Президиуми аъзоси, Ер ҳақидаги фанлар бўлими раиси (1964-76) ва 1970 и. гача ФА Ишлаб чиқарувчи кучларни ўрганувчи кенгаш раиси. Ўзбекистон Геогр. жамиятининг президенти (1976—90). 1959—88 й. ларда Нефть ва газ конлари геол. си ва қидирув илмий тадқиқот ин-ти директори, 1988—89 й. ларда шу ин-т маъмурияти қошида маслаҳатчи. Ўзбекистон ФА вице-президенти, ФА Ер ҳақидаги фанлар бўлими раиси (1990-92), 1992 й. дан ФАнинг Нефть ва газ геологияси, геокимёси маркази раҳбари. Акрамхўжаевнинг асосий илмий ишлари нефть-газ конлари литологияси, нефть геол. си ва геокимёси, нефть ва газ захираларини олдиндан ҳисоблашнинг ҳажмий-генетик методини ишлаб чиқишга оид. Акрамхўжаев раҳбарлигида ва фаол иштирокида 1967 й. да Устюрт геол. си ва унинг нефть ҳамда газ соҳасидаги истиқболи тўғрисида 2 жилдли монография нашр этилди. Охирги 20 йил ичида нефть ва газ карбонгидрогенларининг пайдо бўлиши, уларнинг миграцияси, конларнинг ҳосил булиши ва жойланиш қонуниятларини ўрганишга салмокли ҳисса қўшди. Унинг «Нигут ғорининг сири» илмий саргузашт қиссаси шу номдаги тўла метражли бадиий фильмга асос бўлди. «Ҳаёт сабоқлари» эсдаликлари (1995) нашр этилган. Геологларнинг халқаро миқёсдаги бир қанча конгресслари қатнашчиси. Тошкент ш. даги кўчалардан бири Акрамхўжаев номига қўйилган.

Ас: Палеозой ва мезозой қатламларининг петрографик тузилиши, Т., 1960; Қорақалпоғистонда геология ва нефть-газ мавжудлигига доир баъзи бир масалалар, Т., 1962; Генезис нефти и газа, М., 1967; Геология и методы изучения нефтегазоносности древних дельт, М., 1986.

Ад: Шайхов Ҳ., Замин шайдоси, Т., 1990.

Prev Article

АККУМУЛЯЦИЯ

Next Article

АКРИДИН