АКЦЕССОР МИНЕРАЛЛАР

АКЦЕССОР МИНЕРАЛЛАР (лот. accessorius — қўшимча) — тоғ жинсларининг таркибида миқдор жиҳатдан оз учрайдиган, лекин сифат жиҳатдан баъзан муҳим аҳамиятга эга бўлган минераллар. Дастлаб тасодифий қўшимча минераллар деб (номи ҳам шундан) ҳисобланган. Кейинроқ Акцессор минераллар тоғ-жинсларининг қонуний қисми эканлиги ва унинг асосида тоғ жинсларининг ўзаро ўхшашлиги ва келиб чиқишини аниқлаш мумкинлиги аён бўлди. Акцессор минералларга циркон, апатит, рутил, анатаз, ксенотим ва б. киради. Акцессор минераллар ассоциациялари бирор петрографик провинциядаги ҳар хил жинсларни ўзаро таққослаш ҳамда турли р-нлардаги чўкинди жинсларнинг ёшини аниқлаш ва чақиқ жинсларнинг манбаи ва тарихини ўрганиш учун қўлланилади. Сўнгги вақтларда Акцессор минераллар ассоциацияларига асосланиб, магматик жинсларнинг фазалари ҳам аниқланади.