АКЦИЯДОРЛАР ЖАМИЯТИ

АКЦИЯДОРЛАР ЖАМИЯТИдаромад топиш мақсадида ҳиссадорлик тамойилига биноан уюшган шерикчилик жамияти. Акциядорлар жамияти бошқа шерикчилик корхонасидан фарқлироқ, муомалага номинал қиймати кўрсатилган акциялар чиқариш ва уни сотиш йўли билан тарқатиш бундай жамиятнинг молиявий негизини ташкил этади. Акция эгалари дивиденд шаклида даромад оладилар. Акциядорлар жамиятининг очиқ ва ёпиқ жамият шаклидаги кўринишлари бор: а) ёпиқ Акциядорлар жамияти — акция эгалари маълум гуруҳ, мас, таъсисчиларнинг ўзи билан чекланади. Акциялар фақат уларнинг ўртасида тарқатилади; б) очиқ Акциядорлар жамияти — жамият акциялари эркин сотилади ва сотиб олинади, акциядорлар сони чекланмаган, хоҳлаган ва акция олишга пули бор юридик ёки жисмоний шахс, шу жумладан, ажнабий шахслар унинг аъзоси бўла олади. Акциядорлар жамияти пулни бир ерга тўплаб бизнесга қўйиш учун тузилади. Унинг ташкилотчилари таъсисчилар деб юритилади. Таъсисчи фирмалар, банклар, давлат ва айрим фуқаролар бўлиши мумкин. Акциядорлар жамиятининг афзаллиги шундаки, у майда пулни тўплаб йирик пулга айлантириш, яъни капитал бўла оладиган пулга айлантиришдан, майда пулдорларнинг пулини ҳам бизнесга қўйишдан иборат. Акциядорлар жамиятини бошқаришнинг олий органи — акциядорлар мажлиси, сўнгра — директорлар кенгаши ва қуйи бўғини — бўлинмалар бошқармасидан иборат. Акциядорлар мажлиси Акциядорлар жамияти йиллик ҳисоботини, низомдаги ўзгаришларни, даромаднинг тақсимланишини, фойдазарар ҳисоб-китобини, тафтиш натижалари, раҳбарларни сайлаш масаласини кўриб чиқади ва тегишли қарорлар қабул қилади.

Дастлаб Акциядорлар жамияти 17-а. да пайдо бўлган, ҳозир кенг тарқалиб, оммавий тус олган. Ўзбекистонда Акциядорлар жамияти бозор ислоҳотлари давомида мол-мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнида пайдо бўлди, давлат корхоналарини Акциядорлар жамияти айлантириш мулкий ўзгаришларнинг йўналишларидан бирига айланади. Ислоҳотларнинг биринчи босқичида ёпиқтурдаги Акциядорлар жамияти ташкил топди. Унинг 2 – босқичида очиқ турдаги Акциядорлар жамияти шакллана бошлади. Ўзбекистонда 1995 й. 2255, 1996 й. 5500 Акциядорлар жамияти ишлади. Ўзбекистонда Аж. нодавлат секторига киради. Акциядорлар жамияти мустақил, лекин улар давлат белгилаган қонун-қоидалар асосида иш кўради. Уларнинг фаолияти Ўзбекистон Республикасининг «Акциядор жамиятлар ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» (1996.25.4) қонунига биноан олиб борилади.

Loading...