АКУСТИК ЎЛЧАШЛАР

АКУСТИК ЎЛЧАШЛАРтовуш теб-ранишлари тўлқинларини ҳамда акустик ўзгартиргичлар, ускуналар, материаллар, конструкция ва иморатларнинг акустик хусусиятлари катталигини аниқлаш воситалари. Одам, ҳайвон, ҳашарот, парранданинг товуш чиқариши ва эшитиш хусусиятларини миқдорий баҳолаш ҳам Акустик ўлчашларга киради. Акустик ўлчашларда товуш тезлиги, ютилиши, қайтиши, босими ва товуш манбаларининг баъзи бир кўрсаткичлари ҳам ўлчанади. Акустик ўлчашлар техникасида электрон усуллар кенг қўлланади. Бу усуллар қўлланганда тебраниш бузилмай электр токи ёки кучланишга айлантирилади. Электр акустик аппаратлар, телефон, микрофон ва радиокарнайларнинг кўрсаткичларини ўлчаш ҳам Акустик ўлчашлар жумласига киради. Қурилиш ва меъморчилик акустикасида зал ва турли биноларнинг товуш тарқатиш хусусиятлари ўлчанади. Акустик ўлчашларда ишлатиладиган асбоблар: микрофон, гидрофон, термофон, шовқин ўлчагич, сўндириш бўлмаси, реверберация бўлмаси, аудиометрлар.