АКВАРИУМ

АКВАРИУМ (лот. aqua — сув) — 1) сув ҳайвонлари ва ўсимликларини тирик сақлаш ва кўпайтириш учун фойдаланиладиган шиша идиш. Фойдаланиш мақсади ва организмлар учун зарур бўлган шароитга биноан Аквариумнинг тузилиши, шакли ва ўлчами ҳар хил бўлади. Аквариум одатда яхлит шишадан ёки синчи металлдан, девори шишадан ясалади. Аквариум ясаш учун баъзан органик шишадан ҳам фойдаланилади: Стандарт А. тўғри бурчакли, баландлиги билан эни бир хилда, бўйи энидан 1,5 марта узунроқ қилиб ясалади. Деворга қўйиладиган Аквариумнинг олдинги девори эгик бўлади. Аквариум тубига ювиб тозаланган дарё қуми (заррачаларнинг ўлчами 2—4 мм) солинади. Балиқ боқиш учун Аквариум суви кислородга тўйинган, ундаги минерал тузларнинг таркиби ва нисбати муайян миқдорда бўлиши лозим. Сувни кислородга тўйинтириш учун Аквариумда сув ўсимликлари ўстирилади, ўсимликлар ҳар куни 10—12 соат давомида ёритиб турилади. Ёруғликда ўсимликлар аквариум балиқлари нафас олганида чиқадиган карбонат ангидрид газини ўзлаштириб, кислород ажратиб чиқаради, сувдаги минерал моддаларни шимиб олади. Сувни доимо тоза сақлаш учун Аквариум девори тозалаб турилади, сув тубига чўккан чиқиндилар олиб ташланади, буғланган сувнинг ўрни тўлдириб турилади. Аквариумда сув юзасида (руччия, сальвиния, сув салати ва б.) ва сув қаърида қалқиб турадиган (элодея, урут, людвигия ва б.), сув тубига ёпишиб ўсадиган (валлиснерия, ўқёйбарг, апоногетон, эхинодорус, криптокорина ва б.) ўсимликлар ўстириш мумкин. Аквариумнинг устини шиша билан ёпиб, қопқоқни чети ҳаво кириб туриши учун бир оз очиб қўйилади. Илмий лаб. ларда, баъзан хонадонларда ҳам Аквариум суви насос ёрдамида ҳаво юбориш билан кислородга тўйинтирилади, қум ва фаоллаштирилган кўмир орқали ўтказиб тозалаб турилади;

2) и. т. ўтказиш ёки намойиш қилиш мақсадида денгиз ёки чучук сув ҳайвонлари ва ўсимликлари намуналарини тирик ҳолда сақлайдиган муассаса. У сув ҳайвонлари ва ўсимликларининг ҳаёти ўрганиладиган ва намойиш этиладиган илмий муассасалар ва ҳайвонот боғларида (шу жумладан Тошкент ҳайвонот боғида) барпо этилган. Дастлабки Аквариум 19-а. нинг 2 – ярмида қурила бошлаган (Севастополь —1871, Неаполь —1872). Денгиз ҳайвонларини ўрганиш учун Аквариум одатда денгиз соҳилига яқин жойда қурилади. Энг йирик А. Неаполь, Бомбей, Севастополда қурилган. Денгиз Аквариум баъзан океанариум деб ҳам аталади.

Loading...