АЛ-АСМО ал-ҲУСНО

АЛ-АСМО ал-ҲУСНО (араб. – гўзал исмлар) — Аллоҳнинг исмлари бўлиб, мазмунан унинг сифатлари, фазилатларини ифодалайди. Қуръонда Аллоҳни шу исмлар билан ёдга олиш буюрилади: «Аллоҳнинг гўзал исмлари бордир. Бас, Уни ўша исмлар билан чорланглар (ёд этинглар), Унинг исмларида ҳақдан оғиб (ноўрин жойларда уларни қўллайдиган мушрик) кимсаларни тарк қилинглар» («Аъроф» сураси, 180-оят); «Аллоҳ, деб чорлангиз, ёки Раҳмон — Меҳрибон, деб чорлангиз. Қандай чорласангизларда (жоиздир). Зеро, У зотнинг гўзал исмлари бордир» («Ал-исро» сураси, 110-оят). Бу исмлар — 99 та. Улар мусулмон илоҳиётида муҳим ўрин тутади. Аллоҳ исмлари кўп дуоларда қўшиб айтилади. Сўфийлар ўз зикрларида ҳам бу исмларни камолатга эришишнинг тимсоли сифатида ишлатадилар. Аллоҳни ва унинг исмларини иложи борича кўпроқ эслаб туриш тақводорлик намунаси ҳисобланади. Одатда тасбиҳ доналари сони Аллоҳ исмлари сони билан тенгдир. Ал-Асмо Ал-Ҳусно ал-Ҳ. дан дуохонлар туморлар сифатида фойдаланишади. Мусулмон илоҳий адабиётида Аллоҳ исмларини талқин қилувчи рисолалар кўп, исмлар рўйхати дуо тўпламларидан жой олган. Номларнинг аксарияти Абдураҳмон, Абдусамад («Аллоҳнинг қули») каби энг кенг тарқалган исмларнинг таркибий қисми ҳисобланади.

Қуръони Каримнинг «Ҳашр» сурасида (22—24-оятлар) «Аллоҳ гўзал исмлари»нинг қисқа рўйхати бор: ар-Раҳмон, ар-Раҳим, ал-Малик, ал-Қуддус, ас-Салом, ал-Муъмин, ал-Муҳаймин, ал-Азиз, ал-Жаббор, ал-Мутакаббир, ал-Холиқ, ал-Бориъ, ал-Мусаввир. Бошқа ҳамма исмлар Қуръоннинг турли жойларида учрайдиган Аллоҳ сифатларидан келиб чикади ва улар билан боғланган феълларидан ҳосил бўлган. 99 та исм рўйхати Абу Ҳурайра (601—679) ривоят қилган ҳадисда бор, ана шу ҳадисга кўра, Муҳаммад (сав) 99 рақамини келтирганлар ва ҳар ким Аллоҳ таолонинг мазкур исмларини бирма-бир айтиб чиқса, албатта жаннатдан жой ато қилинади, деганлар. Бошқа ҳадис тўпламларида ҳам ал-А. ал-Ҳ. рўйхати келтирилади.

«ГЎЗАЛ ИСМЛАР» 1. Аллоҳ — Тангри, Маъбуди бар ҳақ.

2. ар-Раҳмон — ўта меҳрибон.

3. ар-Раҳим — жуда раҳмли.

4. ал-Малик — подшоҳ.

5. ал-Қуддус — нуқсонлардан холи.

6. ас-Салом — офат ва балолардан саломат.

7. ал-Муъмин — амонли ва омон берувчи.

8. ал-Муҳаймин — эгаллаб, қоплаб олувчи.

9. ал-Азиз — иззат ва қудрат соҳиби.

10. ал-Жаббор — бандалари ишини ислоҳ этувчи.

11. ал-Мутакаббир — катталик ярашувчи зот.

12. ал-Холиқ — яратувчи, вужудга келтирувчи.

13. ал-Бориъ — яратувчи.

14. ал-Мусаввир — махлуқот ва мавжудотларга суврат ва шакл берувчи.

15. ал-Ғаффор — бандаларнинг айбу нуқсонлари ва гуноҳу маъсиятларини фош қилмай ёпиб турувчи, кечирувчи.

16. ал-Қаҳҳор — барчани бўйсундирувчи, ғолиб.

17. ал-Ваҳҳоб — ўз неъматларини текин ато этувчи.

18. ар-Раззоқ — барча тирик мавжудот ризқини етказиб берувчи.

19. ал-Фаттоҳ — ҳукм этувчи, раҳмат; хазиналарини очувчи.

20. ал-Алийм — билувчи, доно, илм соҳиби.

21. ал-Қобиз — кимларнингдир ризқини қийувчи, рухларни қабз этувчи (олувчи).

22. ал-Босит — кимларгадир кенг ризқ берувчи, руҳ бахш этувчи.

23. ал-Хофиз — кофирлар мартабасини туширувчи.

24. ар-Рофиъ — мўминлар мартабасини кўтарувчи.

25. ал-Муизз — кимларнидир азиз, қадрли этувчи.

26. ал-Музилл — кимларнидир хору залил қилувчи.

27. ас-Самиъ — махфий ва ошкора ran ва шарпаларни, ҳатто дилдан ўтганини ҳам эшитувчи.

28. ал-Басир — ҳамма махфий ва ошкора нарсаларни кўрувчи.

29. ал-Ҳакам — қатъий ҳукм этувчи.

30. ал-Адл — ўта адолатли.

31. ал-Латиф — бандаларига сездирмай ўз лутфу эҳсонини етказиб берувчи.

32. ал-Хабир — ҳамма махфий ва ошкора ишлардан хабардор.

33. ал-Ҳалим — жазолашга шошмайдиган, ҳилм билан яхшилик қилиб турувчи.

34. ал-Азим — улуғ, буюк, катта.

35. ал-Ғафур — гуноҳларни яшириб, жазо бермай турувчи.

36. аш-Шакур — оз ишга кўп мукофот берувчи.

37. ал-Алий — улуғ мартабали, буюк.

38. ал-Кабир — катта, ҳамма соҳада юқори.

39. ал-Ҳафиз — сақлагувчи (ўз паноҳида).

40. ал-Муқит — моддий ва маънавий озиқ берувчи.

41. ал-Ҳасиб — ҳар бир ишга ўзи кифоя қилувчи.

42. ал-Жалил — барча сифатлари мукаммал, улуғ зот.

43. ал-Карим — карамли, саховатли, кечиримли.

44. ар-Рақиб — ҳамма нарсани кузатиб, назорат остига олиб турувчи.

45. ал-Мужиб — дуоларни қабул этувчи.

46. ал-Восиъ — мулки, раҳмати ва қудрати кенг зот.

47. ал-Ҳаким — ҳикмат соҳиби. Дақиқ ва нозиқ илмларни билувчи.

48. ал-Вадуд — дўст, хайрихоҳ, маҳбуб.

49. ал-Мажид — неъмати ва эҳсони бе-поён.

50. ал-Боис — пайғамбарлар юборувчи, ўлгандан кейин қайта тирилтирувчи 51. аш-Шаҳид — ҳамма нарсани билиб, кўриб турувчи, гувоҳ.

52. ал-Ҳақ — ҳақиқатан мавжуд зот.

53. ал-Вакил — ҳамма ишларни ўз зиммасига, кафолатига олувчи.

54. ал-Қавий — ҳақиқий қувват ва қудрат эгаси.

55. ал-Матин — қувватли, матонатли.

56. ал-Валий — дўстларига дўст, мададкор.

57. ал-Ҳамид — ҳамду санога, мақтовга лойиқ зот.

58. ал-Муҳсий — барча махлуқот ва мавжудотларнинг ҳисоб-китобини яхши билувчи.

59. ал-Мубдиъ — йўқдан бор қилувчи, яратувчи.

60. ал-Муид — ҳаётдан ўлимга, ўлимдан яна ҳаётга қайтарувчи.

61. ал-Муҳйий — тирилтирувчи.

62. ал-Мумит — ўлдирувчи.

63. ал-Ҳай — тирик.

64. ал-Қайюм — ўз-ўзидан турувчи, бошқаларни тургизувчи.

65. ал-Вожид — хоҳлаган нарсасини топувчи.

66. ал-Можид — карамли ва шарафли зот.

67. ал-Воҳид — ягона, бир (худо — бир).

68. ас-Самад — беҳожат, ҳожатбарор.

69. ал – Қодир — қудратли.

70. ал-Муктадир — қудратли, қодир.

71. ал-Муқаддим — ўзига яқин қилувчи.

72. ал-Муаххир — ўзидан узоқ этувчи.

73. ал-Аввал — ҳамма нарсадан аввал, бошланиши чегарасиз.

74. ал-Охир — ҳамма нарсадан боқий, охири чексиз.

75. аз-3оҳир — борлиги ҳамма томонлама аён бўлмиш зот.

76. ал-Ботин — ўзи мавжуд, лекин сезги воситаларимиздан махфий зот.

77. ал-Волий — барча ишларни тасарруф этувчи ҳоким.

78. ал-Мутаолий — улуғ, олий мартабали.

79. ал-Барр — яхшилик ва эҳсон соҳиби.

80. ат-Таввоб — тавбаларни қабул этувчи.

81. ал-Мунтақим — гуноҳкор бандаларидан ўч олувчи, жазоловчи.

82. ал-Афув — гунохларни афв этувчи.

83. ар-Рауф — ўта меҳрибон; раҳмати кенг.

84. Моликул-мулк — мулк, салтанат, ҳукм соҳиби.

85. Зул-жалоли вал-икром — шарафли ва карамли.

86. ал-Муқсит — адолатли, одил.

87. ал-Жомиъ — тўпловчи, қиёмат куни ҳалойиқни маҳшаргоҳга жам этувчи.

88. ал-Ғаний — бой, эҳтиёжсиз.

89. ал-Муғний — бой этувчи, кифоя қилувчи.

90. ал-Мониъ — дўстларини химоя этувчи, нолойиқларга ўз неъматларини ман этувчи.

91. аз-Зорр — хоҳлаган бандаларига офат, зарар ва мусибат етказувчи.

92. ан-Нофиъ — хоҳлаган бандаларига манфаат ва фойда етказувчи.

93. ан-Нур — ўз-ўзидан борлиги аён ва борлиқни ҳам аён этувчи.

94. ал-Ҳодий — йўл кўрсатувчи.

95. ал-Бадиъ — яратувчи (ихтиро ила).

96. ал-Боқий — доимий, абадий мавжуд.

97. ал-Ворис — борлиқни мерос қилиб олувчи.

98. ар-Рашид — барча иш ва тадбирлари тўғри чиқувчи.

99. ас-Сабур — гуноҳкор-исёнкорларга жазо беришга шошилмайдиган зот.

(Мазкур исмлар бир мунча эркин таржима қилинган, уларнинг мазмунларини уламолар бир оз бошқача ҳам талқин этадилар).

Абдулазиз Мансур.

Next Article

АЛАШАНЬ