АЛ ГУ, Олгу (7-1264) — Чиғатой улуси хони (1260—64). Машҳур мўғул мергани Байдарнинг ўғли, Чиғатойхоннинг набираси. Қоон Мунке вафоти (1259)дан сўнг олий ҳокимият тахтига айни вақтда унинг икки укаси — Хитойда Хубилай ва Мўғулистонда Ориқбуқо даъвогарлик қилди. Натижада тахт учун ўзаро кураш бошланиб, Хубилай Хитойдан Мўғулистонга ғалла юбормай қўйди. Шунда Ориқбуқо Ал гуга очарчилик бошланган Мўғулистонни Туркистон ғалласи б-н таъминлашни топширди. Лекин А. Кошғарга келгач, Чиғатой хонадонига мансуб шаҳзодалар ва уларнинг тарафдорларини ўз атрофига тўплаб, жияни Никпайўғилни 5 минг кишилик қўшин б-н биргаликда Мовароуннахрни босиб олиш ва у ердан Беркахон ноибларини қувиб чиқариш учун жўнатди. Шу тариқа Мовароуннаҳр эгалланиб (1261), А. ўзини мустақил хон деб эълон қилди. Кейин у Хубилай, Ориқбуқо, Беркахон ва Ўқтойхоннинг набираси Хайдуга қарши муваффақиятли урушлар олиб бориб, ҳатто ҳеч қачон Чиғатой улуси тарки-бига кирмаган Хоразм ва Афғонистонда ҳам ўз ҳукмини ўрнатди (1262—64). Ал гу даврида олиб борилган урушлар оқибатида Мовароуннаҳрнинг кўплаб шаҳар ва қишлоқлари, боғ-роғ ва экинзорлари вайрон бўлди, минглаб тинч аҳоли қирилди, халқ зиммасига оғир мажбурият ва солиқлар юкланди.