АЛ-ЖАБР ВАЛ-МУҚОБАЛА

«АЛ-ЖАБР ВАЛ-МУҚОБАЛА» (араб.) — Шарқда (кейинчалик Ғарбда ҳам) машҳур математик рисола. АлХоразмий ёзиб қолдирган илмий ёдгорлик. Асарда иккинчи даражали ва чизиқли тенгламалар таснифи, уларни ечиш йўллари берилган, геометрик ва алгебраик муносабатлар орасидаги боғланишлар баён этилган, умумий қоидалар ифодаланган. Асарда мерос тақсимлашга оид бўлим ҳам бор. Аслида араб тилида ёзилган. Китоб номидаги «ал-жабр» сўзидан «алгебра» сўзи келиб чиққан. «Алжабр» сўзи Европага ғарбий араблар орқали ўтган. Ғарбий араблар «ж» ни «г» деб талаффуз қиладилар. Шу йўсинда «алжабр» Европада ва кейинчалик ер юзининг ҳамма жойида «алгебра» деб юритиладиган бўлди. Унинг 1342 й. кўчирилган араб тилидаги нусхаси Оксфорд ун-ти кутубхонаси (Англия) да сақланмоқда. Асарнинг 12 – а. да лотинчага таржима қилинган икки нусхаси: Р. Честер таржимаси ва К. Герард таржимаси мавжуд. Кейинги таржима 1838 й. да Парижда нашр этилган. Арабча асл нусхасини 1831 й. Лондонда Ф. Розен чоп қилган. Ю. Рушка немис тилига, Ал-жабр вал-муқобала Марр француз тилига таржима қилишган. Р. Честернинг лотинча таржимаси билан инглизча таржимаси 1915 й. Нью-Йорқда қўшиб нашр этилди. Асарнинг геом. га оид қисмини 1932 й. Берлинда С. Гандц эълон қилди. Асар 1964 й. Тошкентда рус тилида, 1983 й. танланган асарлар орасида рус ва ўзбек тилларида нашр қилинган.

Ад.: Аҳадова М., Ўрта осиёлик машғур олимлар ва уларнинг математикага доир ишлари, Т., 1983.

Prev Article

АЛЕМАННЛАР

Next Article

АЛИ ШУНҚОР