АЛАМ

АЛАМ (араб. — аломат, белги, нишона) — 1) ялов, туғ (байроқ);

2) азиз-авлиёлар мозорида, қадамжоларида ўсган дарахтларга осиладиган ҳар хил (кўпинча оқ) латталар. Ўлдирилган кишилар қабрида таёққа осилган латта ҳам Алам дейилади. Алам жой номлари таркибида кўп учрайди (Аламлисой, Хўжааламбардор ва б);

3) Эронда ҳар йили ўтказиладиган байрам. Диндорлар эътиқодига кўра, авлиё Имом Ризо беш ўғли билан ҳаж қилиш учун Маккага кетаётганда йўлда қароқчилар уларни ўлдирадилар. Ҳар йили халқ шу кунни хотирлаш мақсадида Алам — расм туширилган байроқ кўтариб кўчага чиқади. Мис ёки биринж (бронза) дан қуйилган беш панжали (беш авлиёни ифодаловчи) Алам шу маросим асосида пайдо бўлган; 4) наққошлар мадохилсимон нақш ижод қилиб, уни Алам деб номлаганлар. Бухорода биринчи бўлиб наққош Мирҳамид мис лаганларга Аламни зарб қилган.