АЛАНЧУҚ

АЛАНЧУҚ — Жан. Озарбайжон (Эроннинг шим.-ғарби)даги тоғ ён бағрида жойлашган мустаҳкам қалъа. А. уч поғона (ярус)дан иборат, ҳар бир поғонанинг қалин ва баланд деворлари бўлган. Аланчуқ сосонийлар даврида Византи-яга қарши истеҳком сифатида бунёд этилган. Кейинчалик унинг юқори поғоналари барпо қилинган. Тарихий манбаларда Аланчуқ ҳақида илк бор Амир Темурнинг «уч йиллик юриши» (1386—88) муносабати билан қайд қилинган. 1387 й. кузида Соҳибқирон Султон Аҳмад Жалойирни таъқиб этиб, Аланчуққа дуч келиб, уни қамал қилган. Қалъанинг биринчи поғонаси олингач, Тўхтамишнинг Мовароуннаҳрга қилган чопқуни хабари олиниши муносабати билан қамал тўхтатилган. Амир Темур А. ни иккинчи марта «беш йиллик юриш» (1392 — 96) пайтида, 1394 й. майида қамал қилган. Қамал ишларини Муҳаммад Дарвеш Барлос бошчилигида қўшин олиб борган, қамал чўзилиб кетганлиги боис бу вазифа Мироншоҳ мирзога топширилган. Бироқ 1395 й. Тўхтамишга қарши қилинган юриш туфайли Аланчуқ қамали яна тўхтатилган. Амир Темур Олтин Ўрдани тор-мор этиб қайтгач, 1396 й. ўртасида Аланчуқни мусаххар (тобе) қилган. «Етти йиллик юриш» (1399—1404) пайтида А. Амир Темурнинг ҳарбий истеҳкоми вазифасини ўтаган.