АЛАШ ЎРДА

АЛАШ ЎРДА — қозоқ халқининг миллий озодлик, мустақиллик учун курашига раҳбарлик қилган миллий партияси ва мухтор ҳукумати (1917 й. апр. — 1920 й. март). 1917 й. 27 апр. – 7 май кунлари Семей вилояти қозоқ вакилларининг кенгаши бўлиб, унда бўлажак Бутунқозоқ вакиллари қурултойида Қозоғистоннинг мухториятини тузиш масаласи кўрилди. 1917 й. 21—26 июль кунлари Оренбургда Бутунқозоқ вакиллари қурултойи бўлиб, унда Оқмўла, Семей, Тўрғай, Ўрол, Еттисув, Сирдарё, Фарғона вилоятлари, шунингдек Ички Букей ўрдаси вакиллари иштирок этишди. Қурултойда мамлакатни бошқарув шакли, қозоқ вилоятлари мухторияти, ер масаласи, халқ милицияси, земство, халқ таълими, қозилик, диний масалалар кўрилди. Қозоқ демократии ҳокимиятини тузиш, ислоҳотлар, халқнинг ўзини-ўзи бошқаруви учун зарурий музоқаралар уюштириш масалалари муҳокама қилинди. Қурултойда қозоқларнинг Алаш партиясини тузиш масаласи кўрилди. Алаш партияси жойларда маҳаллий халқ ҳокимиятини ўрнатишга киришди. 1917 й. 19 дек. да Еттисувда ҳокимият маҳаллий халқ вакиллари қўлига ўтди. 1917 й. нинг 5—13 дек. кунлари Оренбургда Алаш партиясининг навбатдаги учинчи қурултойи бўлиб ўтади. Қурултой 13 декда пойтахти Семипалатинск ш. бўлган Алаш Ўрда мухториятини эълон қилади. Алихон Букейхон ўғли ҳукумат бошлиғи этиб сайланади. Тез орада бу ҳукумат 27 минг нафарлик миллий қўшин ва тартибни сақлаш бўлинмаларини ташкил этди. Қурултойда Алаш партиясининг дастури лойиҳаси қабул қилиниб, умумхалқ муҳокамаси учун «Қозоқ» газ. да эълон қилинади. Ўн бўлимдан иборат бу ҳужжатда партиянинг мамлакат бўйича тузилиши, мудофаа, дин, илм-фан йўлидаги фаолияти, аграр масала бўйича вазифалар белгиланди. 1918 й. мартида Ўрол вилоятида ўтказилган сайловларда мустақиллик кучлари ғолиб чиқди. Аммо, 29 мартга ўтар кечаси тескари кучлар ва большевиклар ҳарбий тўнтариш ўтказдилар. Ўрол вилояти ижроқўмининг 60 нафар вакили қамалди ва азоблаб ўлдирилди. Еттисув вилоятида 1918 й. нинг 2—3 мартида большевиклар Алаш партияси вакилларини қамоққа олдилар. Оренбургда Тўрғай вилояти Шўроларининг 1-қурултойи (1918 й. 21 март — 3 апр.) да ҳам большевиклар ғолиб чиқди. Шy кунлари Оқмўла уезди қозоқ вакиллари Шўролари қурултойида большевиклар тазйиқи билан Алаш Ўрда мухториятига қарши қарор қабул қилинди. Алаш Ўрда партиясининг Оренбургда чиқиб турган «Қозоқ» газ. ёпилди. Унинг эгаллаб турган биноси ва мулки мусодара қилинди. Алаш Ўрда сиёсий партияси ташкилотчиларидан Алихон Букейхон (1869—1937) ва Миржақиб Давлат ўғли (1885—1935) кабилар қувғин қилиниб, таъқиб остига олинди. Оқгвардиячилар деб аталган Сибирь ҳукуматини расмий тарзда тан олган Алаш Ўрда ҳукумати атаман Дутов билан тил бириктириб Шўро ҳукуматига қарши чиқди. Дутов тор-мор келтирилгач, Умумқозоқ Ревкоми қарори билан Алаш Ўрда 1920 й. нинг мартида тугатилди.

Наим Норқулов.