АЛЬБАТРОССИМОНЛАР

АЛЬБАТРОССИМОНЛАР (Diomedeidae) — бўронқушлар туркумининг бир оиласи. Танасининг уз. 85—140 см, қанотлари ингичка, ёйилганда 3,6 м га етади. Ҳавода қанот қоқмасдан узоқ вақт уча олади, сувда яхши сузади. Ҳавога тўлқинлар чўққисидан ёки қиядан кўтарилади. Жан. ярим шар денгизларида тарқалган, айрим турлари Тинч океанининг шим. қисмига (Узоқ Шарқ денгизларига) ҳам ўтади. Альбатроссимонлар моногам, гала-гала бўлиб учиб юради. Кўпайиш даврида колония ҳосил қилади. Океанларнинг одам яшамайдиган оролларида уя қуради, уяга биттадан тухум қўяди. Альбатроссимонлар 5—10 ёшда вояга етади. Балиқ, бошоёқли моллюскалар б-н озиқланади. Альбатроссимонларнинг 2 уруққа мансуб бўлган 13 тури маълум. Оқ елкали Альбатроссимонлар (Diomedea albatrus) Халқаро Қизил китобга киритилган.

Prev Article

АЛПТЕГИН

Next Article

АЛЬБУКЕРКЕ