АЛЬБЕДО

АЛЬБЕДО (лот. albedo — оқлик) — 1) жисм сиртидан қайтган нур энергияси миқдорининг шу сиртга тушаётган нур энергияси миқдорига нисбати. Альбедо жисмнинг нур қайтариш қобилиятини ифодалайди. Тушаётган энергияни батамом қайтарувчи сирт ва мутлақ (абсолют) оқ жисмнинг Альбедоси бирга, мутлақ қора жисмнинг Альбедоси нолга тенг. Реал жисмларнинг Альбедоси ноль билан бир орасида ётади. Атмосфераси бор космик жисмларнинг Альбедоси анча катта бўлади. Ой ва Меркурийнинг Альбедоси 0,07; Венераники 0,59; Ерники 0,45; Марсники 0,15; Юпитерники 0,56; Сатурнники 0,63; Уранники 0,63; Нептунники 0,73 ва ҳ. к.

2) қ. х. да Альбедо ҳақидаги маълумотлар экинзорларнинг радиацион режимини ўрганиш учун зарур. Хусусан, ўсимликка ютиладиган қисқа тўлқинли радиация миқдори ва фотосинтез жараёнлари Альбедо қийматига боғ-қ. А. қиймати катталашган сари ютилаётган радиациянинг миқдори камая боради. Альбедонинг йиллик ўзгариши ер тўшама сиртининг ўзгаришига боғлиқ. Альбедонинг ўртача қийматлари: бўз тупроқ, лёсс — 30— 33%, гил (соз)ли чўл — 30%, ўт қоплами — 20—25%, бедазор — 19—22%, қовун полизи — 23—25% ва ҳ. к. Қ. х. экинлари (ғалла, ғўза) ва яйловлар ҳолатини уларнинг нур қайтариш қобилияти катталиги ва қайтган (аксланган) радиациянинг ёрқинлик коэффициентига қараб миқдорий баҳолаш усули ишлаб чиқилган. Бу усул ҳосил тўпланишининг агрометеорологик шароитларни баҳолаш учун экинзорлар ҳолатини авиакузатиш ишларида қўлланилади.

Prev Article

АЛПТЕГИН

Next Article

АЛЬБЕРТА