АЛЬБИЦЦИЯ (Albizia) — бурчакдошлар оиласига мансуб дарахт ва буталар туркуми. 50 га яқин тури бор. Асосан тропик ва субтропик ҳудудлар (Эрон, Ҳиндистон, Эфиопия, Закавказье)да ёввойи ҳолда учрайди. Барглари жуфт патсимон, мураккаб, гуллари каллак тўпгулга йиғилган. Ўзбекистонда Альбицциянинг A. julibrissin хушманзара тури ўсади. Бу тур ёввойи ҳолда Озарбайжондаги Талиш тоғи ўрмонларида тарқалган бўлиб, «ипак акация» номи билан Кавказнинг бошқа жойларида, Крим ва Ўрта Осиёда ҳам экилади. Ўзбекистонда Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона шаҳарларида ўстирилади.