АЛЕКСАНДР

АЛЕКСАНДР, Искандар Мақдуний (Шарқ мамлакатларида Искандар, Искандар Зулқарнайн номи билан машҳур) (мил. ав. 356, Пелла — 323.13.6, Бобил) — македониялик саркарда ва давлат арбоби. Македония подшоси Филипп II ва унинг рафиқаси Олимпиаданинг ўғли. Аристотелдан таълим олган, ҳарбий ишни отасидан ўрганган. 336 й. Филипп II фитначилар томонидан ўлдирилгач, Македония тахтига ўтирган. 334 й. А. Эронга юриш бошлайди; бу босқинчилик уруши отаси Филипп II давридаёқ бошланган бўлиб, унинг ўлими туфайли тўхтаб қолганди.

Александр қўшинида саркардалардан Антипатр, Парменион, Птолемей Лаг ва б., шунингдек 30 мингга яқин пиёда жангчи, 5 минг отлиқ, енгил қуролланган ёрдамчи отрядлар ва 160 кема бўлган. А. Граник (334 й.), Исс (333 й.) ва Гавгамела (331 й.) жангларида Доро III қўшинларини енгган. А. Эроннинг марказий шаҳарлари — Бобил, Суза, Персеполь, Экбатана ҳамда Мисрни эгаллаган. Александр 329 й. Бақтрияни эгаллагач, сатрап Бесс, Оке (Укуз, Амударё) дан кечиб ўтиб, Навтака (Қашқадарё воҳаси) га чекинган. Аммо Бесс тезда қўлга олиниб, қатл этилган. Сўнг, Александр Самарқанд (Мароканда) ни эгаллаб, Сирдарё томон йўл оладида, у ерда шаҳар барпо этиб, уни Александрия Эсхата (Чекка Искандария) деб атайди. Умуман Александрнинг Ўрта Осиёга нисбатан босқинчилик сиёсати қаттиқ қаршиликка учраган.

Усрушонадаги еттита шаҳар-қалъа Александрга қаттиқ қаршилик кўрсатган. Буларнинг ичида энг каттаси — Кирополь бўлиб, Кир II уни бошқа шаҳарқалъаларга нисбатан баланд девор билан ўраттирганди. Унинг ичида маҳаллий аҳолининг кўпчилик қисми, энг жанговар жангчилар тўпланганди. Александр шаҳар атрофига хандақ қазиттирган, манжаниқлар (девортешар машиналар) билан деворнинг бир неча еридан тешик очиб, у ердан шаҳарга бостириб кирмоқчи бўлган. Бу уриниши натижасиз чиққач, у ҳарбий ҳийла ишлатиб, шаҳар ичидан ўтган қуруқ дарё ўзани орқали ўзининг хос жангчилари билан шаҳарга кирган. Кирополь мудофаачилари билан Александр жангчилари ўртасида шиддатли жанг бўлган. Унда Александр боши ва бўйнига тош тегиб ярадор бўлган, бир қанча лашкарбошилари (Кратер ва б.) камон ўқидан шикастланган. Македон қўшини катта қийинчилик билан шаҳарни эгаллаган. Шаҳар мудофаачилари (жами 15 минг) дан 8000 га яқини ҳалок бўлган, қолгани ички қўрғонга яширинган, сўнг ташналикдан қийналиб таслим бўлган. Македон қўшини қолган шаҳарларни ҳам шу тариқа қийинчилик б-н эгаллаган. Александр маҳаллий халқнинг жасоратидан шу қадар хавотирга тушганки, Птолемейнинг айтишича, у ўз жангчиларига асир олинган кишиларни бўлиб бериб, то бу мамлакатдан чиқиб кетмагунларича уларни занжирбанд ҳолда сақлашни топширган.

А. Суғдиёнада Спитамен қўзғолон кўтариб, Марокандани қамал қилгани (қ. Спитамен, Спитамен қўэғолони) ва Танаис ортидан саклар подшосининг укаси Картазис бошчилигидаги катта қўшин унга ёрдамга етиб келгани ҳақида хабардор бўлгач, қўзғолончиларга қарши 2000 кишилик қўшин жўнатиб, ўзи саклар томон қўшин тортган (қ. Танаис дарёси бўйидаги жанг). Мазкур қўшин тор-мор келтирилгач, Александр шахсан ўзи катта куч билан Спитаменни дашт чегарасигача таъқиб қилиб бориб, ортга қайтишда 120 мингдан ортиқ тинч аҳолини қириб ташлайди, кўплаб қишлоқ ва қалъаларни вайрон қилади, экинзор, боғ-роғларни пайҳон этади.

Александр мил. ав. 329—328 й. лар қишини Зариаспа (Балх, Бақтра)да ўтказади. Баҳорда унинг ҳузурига хорасмийлар подшоси Фарасман 1500 жангчиси билан келиб ўзаро иттифоқ тузишни таклиф этади. Александр 328—327 й. бошида Суғдиёнадаги тоғлар устида жойлашган қалъалардаги қўзғолончиларни бўйсундиришга жуда кўп куч сарфлайди, уларни мағлуб қилгач, Оксиартнинг қизи Рохшанак (Роксана) га уйланади (қ. Сўғд қояси, Хориен калъаси ва б.). Мил. ав. 327 й. ёзида Александр сўғдлик Оропийни Сўғдиёна ҳокими этиб тайинлаб, ўзи Ҳиндистонга юриш қилади-да, Гидасп дарёси (Ҳинд д. ирмоғи) соҳилида катта қийинчилик б-н подшо Пор қўшини устидан зафар қозонади. Шу тариқа А. Панжобни эгаллаб, Ганг дарёси водийсига юришни давом эттирмоқчи бўлади. Бироқ сафар ва касаллик азобидан ҳолдан тойган қўшиннинг очиқдан-очиқ қаршилигига дуч келади. Шу боис А. Гифасис дарёси (Ҳинд д. шарқий ирмоғи) бўйидан ортга қайтишга мажбур бўлади.

Александр ўз давлатининг пойтахти қилиб Бобил ш. ни танлаган ва шу ерда янги юришларга тайёргарлик кўриш асносида безгак касалига йўлиқиб, вафот этган.

Александр юришлари натижасида вужудга келган улкан салтанат ҳудуди Ҳинд дарёсидан Дунайга қадар чўзилган бўлиб, у қад. дунёнинг энг йирик давлати эди. Лекин мустаҳкам ички алоқалари бўлмаган бу салтанат Александр вафот этгач, тезда парчаланиб кетган ва унинг ҳудудида бир қанча эллинистик давлатлар вужудга келган.

Александр ҳарбий санъат тарихида йирик саркарда сифатида машҳурдир. Қадим замонлардан (мил. ав. 200 й.) А. ҳақида кўплаб ривоят, афсона, достон ва миниатюралар яратилган. Улар ўрта аср адабиётига ҳам кириб келган.

Ад.: Ковале в С. И., Александр Македонский, Л., 1937,Тревер К., Александр Македонский в Согде, «Вестник истории», 1947, № 5; Бе рте л ьс Е. Э., Роман об Александре и его главные версии на Востоке, М. — Л., 1948.

Фахриддин Ҳасанов.

Loading...