АЛЬГОЛОГИЯ

АЛЬГОЛОГИЯ (лот. alga — сувўт, юн. logos — таълимот) , фикология — ботаниканинг сув ўтларини ўрганадиган бўлими. Альгологиянинг ўрганиш объекти бир ҳужайрали микроскопик ўлчамдаги прокариот (кўк-яшил сув ўтлари, прохлорфитсимонлар) ҳамда кўп ҳужайрали йирик (уз. 60 м гача) эукариот (яшил, сариқ-яшил, қўнғир, қизил ва б.) организмлардир. Микроскопик катталикдаги сув ўтлари баъзан микробиологиянинг ўрганиш объекти ҳисобланади. Альгологиянинг мустақил фан сифатида ривожланиши 19-а. нинг иккинчи ярмида ота-бола Агердлар ҳамда Кютцин де Бари, Г. Тюре, Н. Принс-гейм, Л. С. Центковскийнинг сув ўтларининг морфологияси ва систематикаси соҳасидаги тадқиқотлари б-н боғлиқ, 20-а. нинг иккинчи ярмида сув ўтларидан тиббиёт, қ. х., озиқ-овқат ва халқ хўжалигининг бошқа тармоқларида фойдаланиш борасида эришилган муваффақиятлар Альгологиянинг тез суръат б-н ривожланишига олиб келди. Ўрта Осиёда, шу жумладан Ўзбекистонда Альгологиянинг ривожланиши акад. Альгология Музаффаров номи билан боғланган. Унинг бевосита иштироки ва раҳбарлигида Ўзбекистон альгофлорасининг таркиби ўрганилиб, натижада уларнинг тарқалиш қонуниятлари кашф этилди. Сув ўтларни сунъий йўл билан кўпайтириб, улардан халқ хўжалигининг турли тармоқларида фойдаланиш мумкинлиги илмий томондан таҳлил қилинди. Ўзбекистонда альгофлорани ривожлантиришга қаратилган йирик илмий асарлар нашр этилди. «Ўрта Осиё тоғ сув ҳавзаларининг сувўтлар флораси», «Сувўтларнинг географик тарқалиши», «Ўрта Осиё кўк-яшил сўвўтлари аниқлагичи», «Хлорелла ва уни қўллаш», «Ўрта Осиё сув ҳавзалари ва альгофлорасининг ривожланиши ва тарқалиш қонуниятлари», «Ўрта Осиё протококк сув ўтлари аниқлагичи» каби қатор асарлар шулар жумласидандир. Бу соҳадаги ишлар айни вақтда Ўзбекистон ФА Ботаника ин-тида давом эттирилмоқда.

Loading...