АЛҲОН (араб. — куйлар, оҳанглар; лаҳн сўзининг кўплиги) — Шарқ халқлари вокал ва чолғу мусиқасининг умумий ифодаси. Алҳон куй, қўшиқ маъноларидан ташқари, шеърни оҳангли ўқиш, ҳофизларнинг «Қуръон» ўқиши, булбулнинг сайраши, хутба ўқиш ка-биларни ҳам ўз ичига олади. Алҳоннинг турлари кўп: А. баситий (оддий Алҳон) — чолғу куйи ёки шеърни оҳангга солиб ўқиш; А. жирмий (тўлиқ Алҳон) — шеър ва ритм-усулларни мужассамлантирган мусиқа асари; А. инфиолия (ғамгин, маъюс Алҳон); А. мулазза (лаззатбахш Алҳон) — гўзалликни ифодалайдиган ва нозиқ ҳис-туйғулар қўзғатадиган мусиқа асарлари; А. муҳаййила (тасаввур эттирувчи Алҳон) — инсонни хаёлга чўмдирувчи мусиқа асарлари; А. хаттий (энг оддий Алҳон) — вокал мусиқа асарларини ташкил этувчи элементлар — ҳар бир нағма, усул ва шеърнинг якка-якка ҳолдаги ифодаси. Алҳон қадимги рисолаларда парда (мақом) уюшмаларини, созанда, хонандаларнинг ижро маҳоратини оширадиган машқларни ҳам ифодалаган.
Ад.:Маҳмуд Кошғарий, Девону луғотит турк, Т., 1963; Алишер Навоий, Муҳокаматул-луғатайн, Т., 1948,Ражабов Исҳоқ, Мақомлар масаласига доир, Т., 1963.