АЛИЕВА Назира Насриддиновна

АЛИЕВА Назира Насриддиновна (1912.31.12 – Тошкент – 1980.19.6) — Ўзбекистон халқ артисти (1969). Боку театр техникумини (1927), Москва давлат театр санъати ин-тини (1934) тугатган. Тошкент театр ва рассомлик санъати ин-ти катта ўқитувчиси (1945 й. дан), кафедра мудири (1949—66), доценти (1961 й. дан). Алиева 1935—41 йларда М. Азизбеков номидаги Озарбайжон давлат академик драма театрида Сўлмас (Ж. Жабборли, «Ўт келини»), Дурдона (Ҳ. Жовид «Сиёвуш»), Жульетта (У. Шекспир, «Ромео ва Жульетта») образларини озарбайжон тилида яратди. 1934, 1941—48 йларда Ҳамза номидаги театрда Дездемона (У. Шекспир, «Отелло»), Холисхон, Жамила (Ҳамза, «Холисхон», «Бой ила хизматчи»), Ширмон (И. Султон, «Бургутнинг парвози»), Саодат (К. Яшин ва А. Умарий «Ҳамза») каби йирик ролларни ижро этди. «Сепсиз қиз» (А. Островский), «Алишер Навоий» (Уйғун, И. Султон), «Денгиздагилар шарафига» (Б. Лавренев) спектаклларига реж. лик қилган. «Ўлим қудуғи», «Уйқусиз тунлар», «Маҳаллада дув-дув ran» фильмларида ўйнаган. М. Шамхаловнинг «Қайнона» комедиясини, М. Урдубодийнинг «Килич ва қалам» романини ўзбек тилига таржима қилган. «Саҳна нутқининг равон ва аниқ бўлишида муҳим шартлар», «Ўзбек саҳна нутқининг баъзи техник элементлари» илмий-методик ишлар, «Санъат — менинг ҳаётим» эсдаликлари муаллифи.

Prev Article

АЛИЕВ