АЛКИМЁ

АЛКИМЁ — 1) кимё фанининг арабча номи;

2) ҳоз. кимёнинг ибтидоси. Алкимёнинг ривожланишида уч давр фарқ қилинади: 1-давр — 2—6-а. лар, иккинчи давр — 12 — 14-а. лар ва учинчи давр — 15 — 17-а. лар. Бу даврларда Миср, Хитой, Ас-сурия, Мовароуннаҳр ва Ҳиндистонда ҳамда Европада Алкимёнинг асосий масаласи «паст ва норасо» металларни олтин ва кумушга айлантиришдан иборат булган. Олимлар металларни бир-бирига қориштириб олтин ва кумуш қотишмаларини тайёрлашган. 8-а. охири ва 9-а. бошларига келиб қ. х., кончилик ва ҳунармандчилик ишлари бир мунча ривож топди. Бу эса уз навбатида табиий фанларнинг ривожланишига имкон берди. Кончилик, кунчилик, шиша ва қоғоз тайёрлаш ишлари кимё илмининг ривожига таъсир кўрсатди. Соҳанинг етук олимлари етишиб чиқди. Шулардан бири ўрта аср кимёгарларининг устози Жобир ибн Хайём (721—813) металларнинг вужудга келиши назариясини ишлаб чиқди. Олимнинг фикрича, ер остида икки хил бугланиш амалга ошиб, биринчиси нам, иккинчиси ер моддасидан кўтариладиган қуруқ буғ бўлиб, тутундан иборат. Нам буғдан симоб, қуруқ тутундан олтингугурт ҳосил бўлади. Ўша пайтда маълум бўлган мис, қўрғошин, қалай ва рух «норасо» ме-таллар қаторига киритилган. Олтин билан кумуш таркиби тоза бўлиб, қолганлари аралашмалардан ташкил топган деган фикрлар билдирилган. «Норасо» металларни «такомиллаштириш» ва «тузатиш» орқали олтин ва кумушга айлантириш мумкин деган ғоя илгари сурилган. Бу мураккаб вазифани амалга ошириш учун ана шу металларга иксирдан озгина қўшиш кифоя қилади деб ўйлаганлар. Жобир ибн Хайём ҳар қандай тахмин аниқ маълумотлар билан тасдиқлангандагина қабул қилиниши мумкин деб ёзган. Кимёда фақат тажрибаларга суяниб иш кўриш кераклигини ҳам таъкидлаганлиги маълум. Ўрта асрларда шарқнинг иккинчи бир кимёгари Ар-Розий Аристотель фикрларига тўзатиш киритди. Унинг фикрича, металлар мураккаб моддалар бўлиб, ўзига хос хосса ва хусусиятларга эга. У кўплаб тажрибалар утказди. Ар-Розий ўзининг 200 дан ортиқ илмий ишларида, шу жумладан кимёга оид машҳур «Сирлар китоби» асарида ўша давр кимёсида қўлланилган барча моддалар, асбоб-анжомлар ва тадбирларни муфассал баён этди. Розий ҳам, Жобир сингари, иксир ёрдамида бир металлни иккинчи металлга айлантириш мумкин деб ўйларди; бундан ташқари, металларни турли нисбатда бир-бирига қўшиш орқали ҳам олтинга ўхшаш металл ҳосил қилиш устида кўп тажрибалар ўтказди. Бироқ Розий шу усудда тайёрланган металлар кўриниш жиҳатидан олтинга ўхшасада, ҳали улар юқори сифатли олтин эмас деб таъкидлади. Бунинг исботи учун у ўша қотишмаларни ўз таркибий қисмларига ажратди. Хоразмлик икки олим — Абу Абдулло Муҳаммад ибн Юсуф Котибий Хоразмий ва Абдулҳаким ибн Абдулмалик ал-Косий ҳам кимё тарихига катта ҳисса қўшдилар. Ўрта Осиёда, умуман, Шарқда кимё фанининг тараққиётида буюк табиб ва файласуф Абу Али ибн Синонинг роли ҳам ниҳоятда катта. Ибн Сино кимёгарларнинг оддий металларни олтинга айлантириш тўғрисидаги фикрларига кескин қарши чиқди. Металларнинг пайдо бўлиши масаласида у ҳам Жобир назариясига ўхшаш назарияни илгари сурди; аммо Ибн Синонинг фикрича, ўша даврда маълум бўлган ҳар қайси металл ўзича алоҳида бир моддадир (бирор ягона металлнинг тури эмас). Бир металлни иккинчисига айлантириш учун унинг таркибий қисмлари (олтингугурт, симоб ва б. аралашмалар) орасидаги нисбатни ўзгартириш керак. Ваҳоланки биз бу нисбатнинг қандай эканлигини билмаймиз, демак, уни ўзгартиришга қодир эмасмиз, дейди Ибн Сино. Ибн Синонинг металлар мураккаб таркибли моддалар эканлиги ҳақидаги фикри фандан узоқ бўлса ҳам, унинг оддий металларни иксир ёрдамида олтинга айлантириш мумкин деган назарияга қарши чиқиб ёзган мулоҳазалари ўрта аср А. сининг илмий кимёга ўсиб ўтишида катта роль ўйнади. Ўрта аср кимёгарлари оддий металларни олтинга айлантириш ҳақидаги ўз назарияларини амалга ошириш йўлида кўп куч ва вақт сарфладилар. Натижада улар турли моддалар ва асбобларни кашф этдиларки, буларнинг кўп қисми ҳоз. кимё илмида кенг қўлланилади.

Алкимё соҳасида ўтказилган тадқиқотлар туфайли металлургияни ривожлантиришга, керамика, шиша, миллионлаб тонна нитрат кислота и. ч. га, газмолларни бўяш ишларини маромига етказишга, новшадил, киновардан симобни ажратиб олиш ва б. ишларни амалга оширишга муваффақ бўлинди. Амальгама (олтин сувини юритиш) каби муҳим ишлар ҳам алкимёгарлар хизматининг самарасидир.

Ад.: Каримов У. И., Неизвестное сочинение Абу Бакра ар-Рази «Книга тайны тайн», Т., 1957; Казаков Б., Превраҳение элементов, М., 1977; Рабинович В. Л., Алхимия как феномен средневековой культуры, М., 1979.

Қудрат Ахмеров.