АЛЛЕЛЛАР КЎПЛИГИ

АЛЛЕЛЛАР КЎПЛИГИ (нем Allele multiple) — бир хромосома локусидаги битта гендан мутация натижасида вужудга келган аллеллар гуруҳи. Аллеллар кўплиги организмнинг муайян хусусиятларини белгилаб беради. Аллеллар кўплигини ифодаловчи белгилар қуйидагилардан иборат:

1) доимо муайян генлар билан боғланган бўлиши, яъни улар б-н генлар ўртасидаги кроссинговернинг ҳар доим бир хилда туриши такрорланади;

2) иккита аллел бирга зиготада дуч келганида ҳам улар билан боғлиқ бўлган ирсий эффект кучаймаслиги, яъни аллел таъсирининг ўртача бўлиши;

3) биринчи бўғин гаметаларида уларнинг ажралиб кетиши, яъни бир геннинг икки аллелини эгаллаган гетерозиготадан аллелларнинг бўлинаётган гаметаларга бориши. Мутация натижасида ўзгарган генларнинг маълум бир аллеллар гуруҳига мансублиги қуйидаги ҳолларда маълум бўлади: а) ўзгарган генлардан келиб чиққан фенотиплар ўхшаш бўлганида; б) ўзгарган геннинг бир жуфт аллелини эгаллаган гетерозигота фенотипи икки аллелдан бирига ўхшаганда ёки ўртача бўлганда; в) структура жиҳатидан мустаҳкам тузилиш билан боғлиқ бўлмаган аллеллар турли гаметалар бўйича бўлиниб турганда. Генотипик муҳит Аллеллар кўплиги фаолиятига кучли таъсир қилади. Бу таъсир баъзи бир аллеллар фаолиятига хос бўлиши ҳам мумкин. Аллеллар кўплиги гуруҳида доминантлик даражаси мутациянинг чекка рецессив типидан бошлаб ортиб боради; бошқа гуруҳларда доминантлик турлича рўй беради. Шу сабабдан ҳар бир гомозиготали ва гетерозиготали генотип бошқа фенотипни белгилаши ҳам мумкин.

Prev Article

АЛЛА-ПРИМА