АЛЛЕРГИЯ (юн. allos — бошқа, ўзга, бегона ва ergon — таъсир) — киши организмида ташқаридан таъсир қилувчи аллергенлик хусусиятига эга бўлган ҳар хил ёт моддаларга нисбатан пайдо бўладиган ўзига хос реакция. Аллергенга нисбатан жавоб ракцияси дарҳол ёки аста-секин ўта сезувчанлик кўрсатиш орқали содир бўлади. Аллерген организмга тушганида унга жавобан ҳақиқий ва сохта (псевдоаллергик) аллергик реакциялар пайдо бўлиши мумкин. Ҳақиқий аллергик реакция бошланишидан олдин маълум бир давр ўтиб, бунда организмнинг унга биринчи бор тушган моддага сезгирлиги ортиб боради, бу сенсибилизация деб аталади. Сенсибилизация юзага келиши организмда унга биринчи бор тушган аллергенга жавобан алоҳида оқсил моддалар — антителолар ёки ўша аллерген билан ўзаро таъсир қила оладиган лимфоцитлар пайдо бўлишига боғлиқ. Шунгача аллерген организмдан чиқариб юборилган бўлса, ҳеч қандай касаллик аломати кўзга ташланмайди. Агар аллерген чиқиб кетмаган бўлса ёки чиқиб кетганидан кейин организмга такрор тушса, бунда у юкрридаги антителолар ёки лимфоцитлар билан ўзаро таъсирлашиб, Аллергияга сабаб бўлади. Натижада бир қанча биокимёвий жараёнлар бошланиб, гистамин, серотонин каби талайгина моддалар ишланиб чиқиб, ҳужайралар, тўқималар ва аъзоларни зарарлантиради, шу тарика махсус, яъни илгари организмга таъсир қилган аллергенга жавобан реакция рўй бериб, аллергик касаллик пайдо бўлади. Сохта реакциялар организм аллергенга биринчи бор дуч келганида бошланаверади. Бунда сенсибилизация даври бўлмайди. Организмга тушган аллергеннинг ўзи ҳужайра, тўқима ва аъзоларни зарарлантирадиган моддаларни пайдо қилади. Сохта реакциялар кўпинча доридармонлар ва озиқ-овқатларга нисбатан рўй беради.
Организм аллергенга дуч келганида ҳамиша ҳам Аллергия пайдо бўлавермайди. Бунда ирсият, нерв ва эндокрин системалар аҳволи муҳим аҳамиятга эга, чунки касаликка асосан бу системалар функциясининг бузилиши, оғир руҳий кечинмалар сабаб бўлади. Аллергиянинг олдини олиш сенсибилловчи таъсирга эга бўлган моддаларнинг организмга такрор киришига ва организм ҳимоя реакцияларининг бузилишига йўл қўймаслик чораларини кўришдан иборат.