АЛОҚА

АЛОҚА — турли воситалар ёрдамида ахборотларни узатиш ва кабул килиш; халқ хўжалигининг почта, телефон, телеграф, радио, телевидение ва б. орқали ахборотларни узатиш ва қабул килишни (почта орқали буюмлар юборишни ҳам) таъминлайдиган тармоғи. Алоқа жамиятнинг и. ч.-хўжалик фаолиятида, давлат, қуролли кучлар ва жами транспорт турларини бошқаришда, шунингдек аҳолининг маданий-маиший эҳтиёжларини қондиришда муҳим аҳамиятга эга.

Қадимда хабарлар бир манзиддан иккинчисига чопарлар, кабутарлар ёрдамида етказилган, уларни узатишда шартли сигналлар — гулханлар, чироқлар, ҳар хил овоз чиқарувчи асбоблар қўлланилган. Кейинчалик хабарлар ёзма ҳолда жўнатиладиган бўлди, натижада почта алоқаси пайдо бўлди. Саноат ва савдо тараққиётининг жадал суръатлари ахборотларни тез етказишга имконият яратадиган янги Алоқа усулларига катта эхтиёжни юзага келтирди. 18-а. охирида оптик Алоқа пайдо бўлди, 19-а. да ахборотларни сим орқали катта тезликда узатишнинг электр усуллари кашф этилди. 1832 й. да П. Л. Шиллинг электр телеграфии яратди. 1837 й. да С. Морзе электромагнит телеграф аппаратини (қ. Телеграф аяоқаси), 1876 й. да Алоқа Белл телефонии (қ. Телефон алоқаси) кашф этди. Алоқа тараққиётида навбатдаги энг муҳим боскич — А. С. Попов томонидан Симеиз алоқа — радиоалоқанинг яратилиши бўлди. Шундан сўнг Алоқа воситаларининг техника тарақкиёти тез суръатларда борди, ахборотларни ишончли ва тез узатиши, қуввати ва линиялари сони жиҳатидан катта устунликка эга бўлган янги тизимлар пайдо бўлди ва кенг қўлланила бошлади. 20-а. нинг 60 — 70-й. ларида Алоқа воситаларининг космик (Ернинг сунъий йўлдошлари орқали) тизимлари яратилди (қ. Космик алоқа). Қўлланиладиган техника воситалари характерига кўра А. почта Алоқаси ва электр Алоқа сига бўлинади (қ. Электр алоқа).

Ҳоз. даврда Алоқа барча мамлакатларда иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланади. Аксарият ривожланган мамлакатларда Алоқани ривожлантириш ишларига етарли ҳажмда маблағлар сарфланади.

20-а. нинг 90-й. ларида Ўзбекистонда ривожланган Алоқа корхоналари аҳолига ҳамда халқ хўжалигига почта, телеграф ҳамда маҳаллий, шаҳарлараро, халқаро телефон Алоқа хизмати кўрсатади, шунингдек республикада радиоалоқа, радиоэшиттириш ва телевидениени техника воситалари билан таъминлайди. Республиканинг Алоқа мажмуаси почта, матбуоттарқатиш, уяли (радиотелефон) А., электр Алоқа, космик йўлдошлар орқали Алоқа турларини қамрайди. ЎзРда идоравий ички Алоқа тармоқлари (айрим вазирликлар, ташкилотлар ҳамда шахта, з-д, хўжаликларнинг бевосита ўзига қарашли Алоқа воситалари) ҳам мавжуд.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида миллий телекоммуникация тармоғини ривожлантириш ва уни мустақил бошқариш муҳим вазифага айланди. 1992 й. 13 янв. да Ўзбекистон Республикасининг «Алоқа тўғрисида» қонуни қабул қилинди. Почта Алоқаси, ахборот тизимлари ва телекоммуникациялар соҳасида бошқарувни янада такоммиллаштириш мақсадларида 1997 й. 23 июнда республика Алоқа вазирлиги Почта ва телекоммуникациялар Агентлигига айлантирилди. Агентлик таркибида Алоқанинг и. ч.-хўжалик, технологик масалалари б-н шуғулланадиган «Маҳаллий телеком», «Халқаро телеком» акциядорлик компаниялари ҳамда «Ўзбекистон почтаси» давлат-акциядорлик компанияси ташкил этилди.

Алоқа корхоналари учун муҳандислар 5 ихтисослик бўйича Тошкент электротехника алоқа ин-ти (1955) ва унинг Термиз филиали (1991)да, техниклар Тошкент алоқа коллежи (1991; 1930 — 40 й. ларда Ўрта Осиё алоқа техникуми: 1940 — 91 й. ларда Тошкент алоқа политехникуми), Нукус политехникумининг алоқа бўлимида тайёрланади.

1992 йили Ўзбекистон Халқаро электралоқа иттифоқига аъзо бўлиб кирди. Бу эса Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиши учун кенг йўл очди. Ўзбекистонда Алоқа тармоғини жаҳон андозаларига жавоб берадиган даражага кўтариш учун Халқаро электр алоқа иттифоқи мунтазам кўмак бериб келмоқда. 1992—2000 й. ларда АҚШ, Япония, Германия, Индонезия, Италия, Малайзия, Буюк Британия, Жан. Корея, Туркия, Хитой мамлакатларидаги етакчи фирмалар билан Ўзбекистонда электр Алоқа тармоқларини ривожлантириш бўйича халқаро ҳамкорлик яхши самара берди.

Тоҳир Раҳимов.

Loading...