АЛЬПИНИЗМ

АЛЬПИНИЗМ (Альп тоғи номидан) — спорт тури, турли мураккаб тўсиқлардан ўтиб тоғ чўққиларига кўтарилиш. Альпинизм уч синфдан — траверслар (довон ошиш, тоғ тизмалари ва этакларидан ўтиш), мураккаб чиқиш (тик тоғларга чиқиш) ва баланд тоғларга кўтарилишдан иборат. Альпинизм спорт тури бўлибгина қолмай, кам ўрганилган тоғларни илмий тадқиқ этишга ҳам хизмат қилади. Альпинизм тарихи 1786 й. дан бошланади: ўшанда швейцариялик Ж. Бальма ва М. Паккар Альп тоғининг Монблан чўққисига кўтарилган эдилар. А. Марказий Европадан бошқа ўлкаларга, шу жумладан Россия ва Осиёга тарқалди. Альпинистлар бирин-кетин Кавказ, Тянинан, Помир, Олтой тоғларини забт этдилар. 19-а. нинг охирида Туркистон ҳарбий топографлари Чимён тоғига — 3309 м баландликка кўтарилдилар.

20-й. ларда Ўрта Осиё давлат унверситетида, Тошкент телеграфи, алоқа техникуми ва б. жойларда Альпинизм секциялари ташкил қилинди. 1938 й. Ўзбекистонда альпиниада ўтказилди, унинг 60 қатнашчиси Пском тоғининг 8 та чўққисини забт этди. 1970—80 й. ларда Ўзбекистонда 1500 га яқин киши Альпинизм билан шуғулланди. Альпинизмнинг оммалашуви ва спортчиларнинг шуҳрат қозонишида В. Абалаков, В. Рацек, В. Эльчибековларнинг хизмати катта. Кейинги пайтда Тошкент ш., Тошкент, Фарғона, Наманган, Самарқанд, Навоий вилоятларида Альпинизмга эътибор кучайди. Биргина Чимёнда ўтказилган альпиниадада 1000 дан ортиқ спортчи қатнашди. Дунёдаги энг баланд Эверест (Жомолунгма) чўққиси (Ҳимолай тоғида бал. 8848 м)ни забт этиш альпинистларнинг эзгу орзуси хисобланади. Янги зеландиялик Эдмунд Хиллари ва шерп Норгэй Тенцинг 1953 й. унга биринчи марта кўтарилганлар. Ўзбекистонда Эверестни забт этувчи альпинистлар гуруҳи тузилди. Бу гуруҳ 1998 й. майда чўққига чиқди. 22 май куни Рустам Ражабов биринчи бўлиб Эверестни забт этди ва у ерга Ўзбекистон давлат байроғини қадади. Унинг кетидан Олег Григорьев, Сергей Соколов, Ханиф Балмагамбетов, Светлана Баскакова, Илёс Тухватуллин, Андрей Фёдоров, Марат Усаев, Роман Мац, Андрей Заикин, Алексей Докукин чўққига кўтарилдилар (экспедиция раҳбари Анатолий Шабанов). 1977 й. альпинистларимиз Марказий Тяньшаннинг «Хонтангри» (7010 м) ва «Ғалаба» (7439 м) чўқкисини забт этгандилар.

Prev Article

АЛЬДЕГИДЛАР

Next Article

АЛЬТАМИРА