АЛПОМИШ ЎЙИНЛАРИ ФЕСТИВАЛИ

«АЛПОМИШ ЎЙИНЛАРИ» ФЕСТИВАЛИ — Ўзбекистоннинг энг йирик миллий спорт ўйинлари мусобақалари. 2 й. да бир марта ўтказилади. ЎзР Вазирлар Маҳкамасининг «Алпомиш» достони яратилганлигининг 1000 йиллигини нишонлаш тўғрисидаги»ги қарори (1998 й. 13 янв.) асосида ташкил қилинган. Мақсади — халқ ўйинларини кенг оммалаштириш, Ўзбекистонда Алпомиш келбатли ёшларни кўпайтириш, уларни ватанпарварлик, фидойилик руҳида тарбиялаш. Фестиваль низомига кўра, у 3 босқичда ўтказилади. 1-босқич туманлар миқёсида ташкил қилинади. Туман мусобақаси ғолиблари 2-босқичда вилоят мусобақаларида қат-нашадилар. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят ва Тошкент ш. мусобақалари ғолиблари 3-босқич — республика финал баҳсларида қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритадилар. «Алпомиш ўйинлари фестивали» ф. 6 миллий спорт тури; миллий кураш (бухороча, фарғонача усуллар), «Турон», камондан ўқ отиш, тош кўтариш, армрестлинг (билак кучи кураши) ҳамда халқ ўйинлари: «тортишмачоқ», «минди», «бўрон», «елкада кураш» бўйича ўтказилади. Мусобақаларда 15 ёшдан 50 ёшгача бўлган кишилар иштирок этиши мумкин. Оилавий жамоаларнинг қатнашишига ҳам рухсат берилади. «Алпомиш ўйинлари фестивали» ф. ғолиблари паҳлавонлик, мардлик ва орият тимсоли сифатида ҳурматга сазовор бўладилар. Биринчи «Алпомиш ўйинлари фестивали» ф. 1998 й. 13—14 нояб. да Термиз шаҳридаги «Алпомиш» стадионида бўлиб ўтди. Унда умумжамоа ҳисобида Сурхондарё вилояти вакиллари ғолиб чиқди. 2-ўринни Андижон вилояти, 3-ўринни Тошкент ш. жамоаси олди.

Next Article

АЛУПКА