АЛЬХЕСИРАС КОНФЕРЕНЦИЯСИ

АЛЬХЕСИРАС КОНФЕРЕНЦИЯСИ (1906.15.1—7.4) — Испаниянинг Альхесирас ш. да Германиянинг ташаббуси билан чақирилган халқаро конференция. Марокашдаги Франция-Германия рақобати 1905 й. да Марокаш жанжалини келтириб чиқарди. Альхесирас конференциясининг чақирилиши шу халқаро тангликни бартараф этишга қаратилган эди. Унда Австрия-Венгрия, Англия, АҚШ, Бельгия, Германия, Испания, Италия, Марокаш, Нидерландия, Португалия, Россия, Франция ва Швеция қатнашди. Альхесирас конференцияси Марокашни бошқариш учун Англия, Германия, Франция ва Испания назорати остида халқаро банк, шунингдек Франция ва Испанияга тобе бўлган полицияни ташкил этди. Альхесирас конференцияси расмият учунгина Марокаш султонлигининг «мустақиллиги», «ҳудудий бутунлиги», Марокашдаги барча миллатларнинг «иқтисодий озодлиги» ва «тенг ҳуқуқлиги»ни эълон қилди. Амалда эса Англия, Россия, АҚШ ва б. давлатларнинг қўллаб-қувватлаши билан Франция ва Испания Марокашдаги ўз зоналарини бошқариш ҳуқуқига эга бўлдилар. Альхесирас конференцияси Германиянинг дипломатик мағлубияти бўлган ва Франциянинг Марокашни батамом босиб олишига йўл очган.

Loading...