АЛЯСКА

АЛЯСКА — АҚШ штати. Шим. Американинг шим.-ғарбида, АҚШнинг асосий қисмидан уни Канада ерлари ажратиб туради. Майд. 1519 минг км2. А. материк қисмдан ва бир қанча ороллар (Александр архипелаги, Алеут о. лари, Прибилов, Кадьяк ва б.)дан иборат. Шим. Муз океани ва Тинч океан (Беринг денгизи) билан ўралган. Маъмурий маркази — Жуно ш. Тинч океан соҳилида игна баргли ўрмон билан қопланган баланд тоғ тизмалари бор. Гид-роэнергияга бой энг йирик Юкон дарёсида кема қатнайди. Аҳолиси 599 минг киши (1993), анчагина қисми ҳарбий хизматчилардир. Маҳаллий аҳоли — индейслар, алеутлар ва эскимослар. Аҳолининг 3/4 қисми Алясканинг жан.-шарқий ва жан. соҳил қисмида яшайди. Аляскани 18-а. 1-ярмида руслар эгаллаб, қишлоклар қура бошлаган. 1799 й. да ер ости ва ер усти бойликларидан танҳо фойдаланиш ҳуқуқини олган Россия-Америка компанияси ташкил этилди. 1867 й. да Россия ҳукумати Аляскани АҚШ га 7,2 млн. долларга сотиб юборган. Аляска 1884 й. гача АҚШ ҳарбий вазирлиги тасарруфида бўлган, 1884—1912 й. ларда округ, сўнгра ҳудуд, 1959 й. дан штат. 19-асрнинг 90-й. ларида Алясканинг марказий қисмида ва Сьюард я. о. да олтин конлари топилиши билан Алясканинг ички қисмларида ҳам аҳоли турар жойлари пайдо бўлди. 1911—38 й. ларда Аляскада мис конлари ишга солинди. 1915—23 й. ларда т. й. қурилиб, Алясканинг марказий қисми соҳил билан боғланди. Балиқ овлаш ва балиқ саноати, ўрмон саноати, фойдали қазилмалар чиқариш ва қисман мўйначилик А. хўжалигининг асосини ташкил этади. Олтин қазиб чиқариш Аляска кон саноатининг асосий. тармоғидир. Шунингдек, кумир, нефть, қалай, платина, симоб, хромит қазиб олинади. Ишлаб берувчи саноат асосан консерва ва тахта тилиш корхоналаридан иборат. Кетчикан ва Ситка ш. ларида 2 та улкан целлюлозақоғоз з-ди бор. Қ. Х. билан деярли шуғулланилмайди, фақат Матануска водийсида, Кенай я. о. да картошка экилади, қорамол, парранда боқилади. Мўйнали ҳайвонлар овланади. Ташқи алоқалари, асосан, денгиз флоти, шунингдек ҳаво йўллари орқали амалга оширилади. Аляска автомобиль йўли ва т. й. орқали Канада б-н боғланган. Ички юклар т. й., шунингдек автомобиль йўлларида ташилади. Хейнс — Фэрбенкс нефть қувури (1000 км) қурилган. Аляскада аэродромлар, ҳарбийденгиз базалари, ракетодромлар бор.

Prev Article

АЛЯСКА

Next Article

АМАЗОНКА