АЛЮМИНИЙЛАШ

АЛЮМИНИЙЛАШ, алитирлаш — юқори т-рада ишлатиладиган пўлат ва чўян буюмларнинг сиртки қатламини 0,02—1,2 мм гача алюминийга тўйинтириш. Уларнинг 1100° т-рагача куйинди бардошлилигини ва оксидланишга қаршилик хоссасини ошириш мақсадида қилинади. Бунда алюминий оксидланиб, буюмни кейинги оксидланишдан сақлайдиган оксид парда (А12О3) ҳосил қилади. Асосан, кам углеродли, камдан-кам ҳолларда эса ўртача углеродли пўлат, кулранг чўян ва иссиқлик таъсирига чидамли легирланган пўлат буюмлар алюминийланади. Бундан ташқари, Алюминийлашнинг металлаш (деталь сиртига алюминий кукуни суркалиб, диффузион юмшатилади); бўшатиш (деталь алюминий бўёғи билан бўяб, диффузион бўшатилади); 700—800° т-рали алюминий эритмасида тутиб туриш ва б. усуллари бор. Автомобиль двигателларининг клапанлари, газ турбиналарининг курак ҳамда соплолари ва б. ни тайёрлашда Алюминийлашдан фойдаланилади.

Next Article

АЛҲОН