АМАЛ

АМАЛ (араб. — иш, фаолият, ҳаракат) — 1) мансаб, лавозим, ҳунар;

2) меъморликда кўпинча эски иморатларда меъмор ёки устанинг дастхати шу сўз б-н бошланади. «Амали усто…» каби;

3) ҳисоблашдаги тўрт Амал — қўшиш, олиш, кўпайтириш, бўлиш;

4) тиббиётда таъсир қилиш. Мас, чечакка қарши эмланган жой бўртиб, қора қўтир бўлиб кўчиб тушса ёки бирор касалликка қарши дори берилганда бемор соғайиб кетса, дори Амал қилган бўлади;

5) ислом илоҳиётида дин ақидаларига ишонишдан ташкари диндор ўз фаолияти ва ҳаракати билан бажариши лозим бўлган барча вазифалар ва савоб ишларни ифода этувчи тушунча. А. умумий мазмунда диний маросимлар, урф-одатлар билан боғлиқ вазифаларни ўз ичига олади. Қуръонда «Амал» сўзи жуда кўп сураларда келади, бунда мусулмонлар томонидан бажариладиган яхши, фойдали ишлар ҳам, шайтон томонидан одамларга қарши қилинадиган ёмон, зарарли ишлар ҳам тушунилади; 6) мусиқада — ўтмишда куй ёки ашуланинг маълум услубда яратилган шакли. Навоий ва Бобур асарларида, Кавкабий ва Дарвишали Чангийнинг «Рисолаи мусиқий» асарларида Амаллар ва уларни яратган бастакорлар ҳақида маълумотлар берилган. Кавкабийнинг ёзишича, агар бир неча куй тузилмаларида сархона, миёнхона ва бозгўй каби унсурлар бўлиб, унга маълум ўлчовдаги шеър асос қилиб олинган бўлса, Амал ҳисобланади. Дарвишалининг айтишича, Амал чолғу муқаддима (мустаҳал) билан бошланадиган ашуладир. Унда ўрта регистрда ижро этиладиган миёнхона ва қайтарма қисм — бозгўй бўлиши шарт. Амал ҳоз. Шашмақомда ҳам учрайдиган тароналарнинг йирикроқ шаклидир. Ёзма манбаларда Амали тарона ҳам учрайди. Бу тарона шаклидаги Амал дир.

Loading...