АМАЛИЙ САНЪАТ, амалий безак санъати — безак санъати соҳаси; ижтимоий ва шахсий турмушда амалий аҳамиятга эга бўлган бадиий буюмлар тайёрлаш ва кундалик турмуш ашёлари (асбоб-анжомлар, мебель, мато, меҳнат қуроллари, кийим-кечаклар, тақинчоқлар, ўйинчоқлар ва б.)ни бадиий ишлаш билан боғлиқ ижодий меҳ-нат соҳаларини ўз ичига олади. Амалий санъат асарлари кўз билан кўриш, ҳис этиш ва англашга мўлжалланган. Амалий санъат асарлари ва буюмлари инсоннинг моддий муҳитини гўзаллаштиришга, эстетик бойитишга хизмат қилади, айни пайтда ўзининг кўриниши, тузилиши, хусусиятлари билан инсоннинг руҳий ҳолати, кайфиятига таъсир этади, безатилган нарсалар ҳаётда фойдаланилишидан ташқари бадиий қиммати бўлгани учун ҳам қадрланади. Шунинг учун хом ашёнинг гўзаллиги ва нафис хусусиятларини намойиш этиш, унга ишлов бериш маҳорати ва усулларининг кўплиги Амалий санъатда эстетик таъсирни оширувчи аҳамиятга эга фаол воситалардир. Амалий санъатда нарсаларнинг нафислилигига икки усул билан эришилади:
1) шакли оддий, жўн буюмларга безак ишлаб бадиий қиммати оширилади;
2) шакли чиройли қилиб ишланади. Нарсаларнинг тузилиши бадиий буюмларнинг мужассамотида муҳим роль ўйнайди. Хом ашёнинг гўзаллиги, қисмларнинг мутаносиблиги, тузилишининг ма-роми буюмнинг таъсирчан умумлашма қиёфасини ифодаловчи ягона воситалардир. Таъсирчан мазмунли шакллар кўпинча тақлидан яратилганда мазмуни ортади. Буюмда ҳосил бўлаётган безак унинг образ тузилишига ҳам сезиларли таъсир этади. Безаги туфайли буюм Амалий санъат асарига айланади. Амалий санъатда безак яратишда нақш билан тасвирий санъат (ҳайкалтарошлик, рангтасвир, айрим ҳолларда графика) қисмлари (алоҳида ёки турлича бирикувлари) кенг қўлланилади. Баъзан нақш ёки тасвир буюмларни шакллантирувчи асосга айланади (панжара гули, тўр; гилам, мато гуллари ва ҳ. к.). А. с. асарининг уйғунлиги аввало бадиий буюмнинг бадиий ва амалий вазифасининг ягоналигида, шакл ва безакнинг ўзаро бирикувида, тасвир ва буюм тузилишида намоён бўлади. Безакнинг шакл, тасвирнинг буюм кўлами ва хусусияти, унинг амалий ва бадиий вазифаси б-н уйғунлаштиришнинг зарурлиги тасвирий бўлакларни ўзгаришига, талқинда шартлиликка ва нарса қисмларини ўхшатиб яратишга олиб келади.
19 – а. 2 – ярмидан илмий адабиётларда Амалий санъат асарлари фойдаланилган хом ашёси (ёғоч, сопол, ганч, тош, металл, суяк ва б.) ва ижро усули (бўяш, ўйиб-кесиб ишлаш, қуйиш, каш-та тикиш, тўқиш ва б.)га қараб фарқлана бошланди. Бу эса ўз навбатида буюмларга ишлов беришни лойиҳалаш (дизайн) ва уни и. ч. б-н боғланиши (бадиий саноат)га замин яратди.
Амалий санъат асарлари яратилган даврининг маиший қатламига мос маҳаллий ва миллий хусусиятларни, ижтимоий гуруҳлар б-н яқин муносабатда бўлган унинг моддий маданиятини ифода этади. Асрлар мобайнида халқ, ижодиётининг соҳаси сифатида амалий безак санъати. юзага келган. Унинг ривожида халқ яшаган жойнинг жуғрофий ша-роити, халқининг машғулоти, этник ва миллий жиҳатлари, турмуш тарзи, маданий даражаси, қўшни халқлар билан алоқалари ва б. муҳим роль ўйнаган. Кулолликка ярайдиган тупроқ мавжуд жойларда кулоллик, чорвачилик ривож топган ерларда жундан мато тўқиш, мўйнадўзлик, кигиз босиш, гиламчилик ва ш. к. ривожланган, Амалий санъат асарларининг маълум жойга хос услублари шаклланган.
Ўзбекистон ҳудудидан мезолит даврига оид қад. санъат ёдгорликлари топилган. Неолит даври сопол идишлари қўлда ясалиб, чизиқча, нуқта ва илонизи тасвирлар (тирноқ, қўл билан чизиб) тушириб безатилган. Фарғона водийсидан мил. ав. 3-минг йиллик охири — 2-минг йилликка оид жез даври қуйма бадиий буюмлари (жез ва кумуш буюмлар хазинаси) топилган. Сопол идишларга кейинчалик ҳандасий безаклар ишлана бошланган. Фарғона водийси, Сурхондарё вилояти ўтроқ деҳқон аҳолиси идишлари шу даврда учбурчак, ромбсимон ёки катақсимон қизил-қора чизиқчалар б-н безалган; Амударё бўйи воҳасидан топилган буюмларда ҳам шундай тасвирлар жигарранг, оқ за-минга чизилган. Жез даври дашт қабилалари фойдаланган сопол идишлардаги учбурчак, илонизи, арчасимон ёки йўл-йўл тасвирлар қолип билан босилган (Хоразмдаги Тозабоғёп маданияти, Бухоро воҳасидаги Қизилқир қабристони). Мил. ав. 4 — 2 – а. лар ёдгорликларига оид сопол идиш ва ҳайкалчаларга ҳайвонлар шакли ишланган (Қовунчи маданияти идиш дастасидаги ҳайвон шакли; Афросиёб ва Холчаёндан топилган тақинчоқлардаги бўртма тасвирлар). Илк ўрта аср (5 — 8 – а. лар) амалий безак санъати Суғд, Тохаристон, Хоразм ва Фарғонадаги давлатлар маданияти билан боғлиқ равишда ривожланган. Ганч ўймакорлиги (Самарқанд, Варахша) ва ёғоч ўймакорлиги (Сурхондарё вилояти)да нақшга мавзули мужассамотлар аралаштириб берилган, ясси бўртма безаклар ўрнини ҳажмли шакллар эгаллаган. Ҳандасий ва услублаштирилган ўсимликсимон нақш асослари янада мукаммаллаштирилган. Афросиёб, Болаликтепа ва Варахша расмларида тасвирланган рангбаранг кийимлар шу даврда бадиий тўқимачилик тараққий этганидан дарак беради. Сурхондарё вилоятининг Термиз ш. яқинида жойлашган қабристондан, Поп тумани Мунчоқтепа манзилгоҳидан 4 — 6-аларга овд қад. ажойиб кийимларнинг ўзига хос намуналари топилган, бундан қад. фарғоналиклар кийими анча мураккаб қилиб тиқилганлиги маълум бўлади. Самарқанд вилоятидан қад. маҳси, Фарғона водийсидан қолип ва чарм кесадиган махсус пичоқ топилиши Ўзбекистонда, умуман бутун Туркистонда деярли бир вақтда, яъни 5 — 6-а. ларда бу оёқ кийимнинг урф бўлганини кўрсатади. Фарғона водийси, Бухоро, Самарқанд, Хоразм, Тошкент, Сурхондарё ва Қашқадарёда пичоқчиликнинг қад. марказлари бўлган. Пичоқлар фақат уй-рўзғор буюми эмас, балки ҳарбий қурол, ҳунармандлик асбоби сифатида қўлланилиб келинган. 6 — 12 – а. ларга оид пичоқ намуналари металл таркибининг, пичоқ ясаш усули ва безакларининг ўзгариб, тараққий эта борганини тасдиқлайди. Навоий, Бобур асарларига ишланган миниатюраларда (15 — 17 – а. лар) ёнга осиб юриладиган пичокларнинг турли хил намуналари тасвирланган. 7 — 9 – а. ларда тўқимачилик тараққий этган, ип, ипак матолардан ташқари қимматбаҳо парчалар ҳам ишлаб чиқарилган. Ўсимлик ва ҳандасий нақш-безакларига бой, жонзодлар тасвири туширилган «зандоначи» матоси бизгача сақланиб келинган. Зандоначи матосининг мужассамоти тақсим усулида туширилган; бир меъёрда алмашиниб турган турунж безаклари ичига бир жуфт қарама-қарши турган арслон, фил ва б. ҳайвонлар тасвири жойлаштирилган.
5 — 10 – а. ларда сопол буюмларнинг махсус тури — остадонлар тайёрлаш ривож топди. Остадонларни безашда тасвирий мавзулардан кенг фойдаланилган: аждодлар, ҳомийлар ва худолар, паррандалар, шунингдек дарахт ва б. ўсимликлар ўйма, бўртма ва б. усулларда ишланган. 6 — 10 – а. лардан шиша идишлар кўплаб ишланди; кўзача, қадахлар, сиёхдон, турли идишлар рангли (қизил, олча ранг, сариқ, кўк, яшил), рангсиз шишалардан тайёрланиб, бўртма, босма, чизма, қадама усулларда безатилган. Кўплаб ранг-баранг шиша мунчоқлар ишлаб чиқарилган. Мармар қабр тошлари усти гириҳ нақшлар билан безатилган, ёғоч ва мармардан панжаралар ишланган. Меъморликда анъанавий ганч, ёғоч ўймакорлиги билан бир қаторда ғишт қалаб нақш ҳосил қилиш санъати ривож топди. 12-а. да меъморликда ўйма терракотадан, сирланган ғиштдан фойдаланилди, маҳобатли биноларнинг девор, гумбазлари кошин билан қоплаб, бино ичи ганч ўймакорлиги, бўяма нақшлар билан безатилган.
Ислом дини қарор топиши билан Амалий санъатнинг турли соҳаларида бадиий безак асарлари, мавхум нақш-безаклар яратишга интилиш кучайди. 9 — 10 – а. лар меъморий наққошликда ҳандасий (юлдузсимон шаклларнинг турли кўринишлари) ва араб ёзувлари ишлаш етакчи ўринда турган. Гириҳ санъати юксалди. Рангли сирнинг ихтиро қилиниши (8-а.) б-н бадиий кулоллик тараққий этди. Самарқанд, Тошкент, Бухоро, Термиз ва б. шаҳарларда сопол идишларга нақшбезаклар ишлаб, бўяб, устидан сирлаш усули ўзлаштирилди. Дастлаб содда яшил безак устидан хира сир қопланган ёки 2—3 хил рангда сир доғлари оқизилган идишлар ишланган бўлса, 10—11-а. ларда идишнинг оқ ёки ғишт ранг кизил заминига рангли ангоб билан аниқ нақш мужассамоти туширилиб, устидан тиниқ (шаффоф) қўргошин сир қопланган. Шу давр кулоллиги (айниқса Афросиёб идишлари)га безак билан бадиий шаклнинг бир-бирига мос равишда ишланиши хосдир, кескин рангли безакнинг аниқ ишланиши ва тасвирларнинг маҳаллийлиги («куфий» ёзувлари, новда, лола, анор, ток барглари тасвирланиши) билан ажралиб туради. Кейинги давр идишларига услублаштирилган ўсимликсимон нақшлар, ёзувлар ва баъзи ҳайвонлар шакли туширилган: яшил, ёрқин ҳаворанг сирли идишлар, сирсиз босма усулда тасвир туширилган, нақшли сопол идишлар ҳам кўп ишланган. 12 – а. дан кошиндан нозиқ юпқа идишлар кўплаб ишлана бошланди.
Бадиий металл буюмлар ўрта аср услубида яратилган. Идишлар (кўза, қозонча, шамдон ва б.) бронзадан ясалиб, ҳошия ва турунж нақшлар билан безатилган, ёзувлар услублаштирилган ўсимликсимон нақшлар б-н, баъзан куш ва ҳайвонлар тасвирлари ҳам аралаштирилган, чизма, кандакори ва б. усулларда ишлов берилган. Хўжа Аҳмад Яссавий мақбарасида сақланган улкан қозон (1390) безаклари, ўйиб нақшланган эшик (1397), кумуш қадаб нафис ишланган шамдонлар ўша давр Ах. нинг нодир намуналаридир. Шишасозлик (турли-туман рангли қадаҳ, пиёла, ликобча ва кўзачалар) ва бадиий тўқимачилик ривожланган. 13 — 14 – а. ларда мўғуллар истилоси ва ундан кейинги даврларда бадиий сопол идишлар майда ўсимлик ва чизма нақшлар билан безалган; яшил-қора ва феруза-ҳаворанг бўёкдар оқ ангоб устига туширилган, устидан рангсиз ёки шаффоф сир билан қопланган.
Амир Темур ва Темурийлар даврида бадиий хунармандлик янада равнақ топди; нафис матолар, гулли кашталар, зеб-зийнат буюмлари, бадиий безатилган қуроллар, от абзаллари, идишлар ишлаб чикарилган. Регистон, Шоғизинда, Оқсарой каби йирик меъморий ансамбллар яратилиб, бино тарзи ранг-баранг кошин ва парчинлар билан безатилган, бино ичи ҳалли нақш ва бўяма нақшлар б-н, 15 – а. 2 – ярмидан тилла ҳалли бўртма «кундал» нақши билан безатилган. Ёзма манбаларда Амир Темур саройларига мавзули тасвирлар, бўяма нақшлар ишланганлиги қайд қилинган.
Шайбонийлар ҳукмронлиги (1500 — 1601) ва Аштархонийлар (1601 — 1753) даврида Ўзбекистон ҳудудида тинимсиз урушлар бўлиб турган. Шунинг учун ҳам бадиий ҳунармандлик пойтахт — Бухоро ва қисман бошқа йирик шаҳарларда — Самарқанд, Тошкент, Хивада тўпланган, хаттотлик, китобат санъати, муқовасозлик, китоб миниатюраси, қўлёзмалар яратиш санъати ривожланган. Усталар қўлёзма китоб саҳифаларини зарҳал бериб, нозиқ ўсимлик ва ҳандасий нақшлар билан тўлдириб безашган. Ўзбекистоннинг барча марказларида ип, ипак, жун матолар (атлас, зандоначи, бахмал, бўз, шоҳи, олача, парча) ва тайёр буюмлар (рўмол, дастурхон, салла, белбоғ, қийиқ ва б.) ишлаб чиқарилган. 18 – а. ларда тўқимачилик марказлари Бухоро, Марғилон, Андижон, Самарқанд, Хива, Тошкентда жойлашган. Шаҳрисабзда попур (попоп) чокли сўзаналар, Бухоро, Самарқанд, Тошкентда хон ва уламолар учун зардўзи буюмлар тайёрланган. 18 —19 – а. ларда маҳобатли биноларни айниқса ички қисмини кошин, тош, ганч, ёғоч ўймакорлиги билан безатиш давом этди. Кулоллик ва кандакорлик санъати юксак даражага кўтарилди. Кандакорликнинг Бухоро, Қарши, Хива, Шаҳрисабз услублари вужудга келди (қ. Қўқон кандакорлик мактаби, Бухоро кандакорлик мактаби). Амалий безак санъатининг бошқа турларининг маҳаллий услублари шаклланди.
Ёзма манбалардан 18 – а. да ироқи дўппилар кўплаб тиқилгани маълум. 19а. 1 – ярми ва ўрталарига оид кашталарда (Бухоро, Самарқанд, Нурота) чаман-зорлар тасвирланган. Шахрисабзда «абр» безакли матолар тўқила бошланган.
Тошкент, Самарқанд, Бухоро каби шаҳарларда, Хоразм, Фарғона водийсида кўнчилик қадимдан ривожланган. Турли хил кўн маҳсулотлари: чарм, хром, амиркон ва б. дан пойабзал, телпак, устки кийим. от-улов абзаллари, Кайиш, қин каби буюмлар тайёрланган. Терига бадиий ишлов бериш ривожланган; дастлаб ошланган, устидан пардозланган, баъзилари бўялган. Буюмлар усти мураққа усулида рангли чарм, бахмал парчалари қўйиб, попуклар, қўнғироқчалар қўшиб тикилиб буюмнинг бадиийлиги оширилган. Айниқса қоғоз-ҳужжатлар солиб юриладиган жуздон (жузгирлар)га турунж нақшлари босма усулда туширилиб, ҳошиясига нозиқ ўсимликсимон нақшлар бериб безатилган.
18—19 – а. лар заргарлари қад. заргарлик санъати анъаналарини давом эттиришди. Ёзма манбаларга кўра 18-а. заргарлари олтин ва кумушга қимматбаҳо тошлар қадаб тож ва камарлар, Куроллар, от абзаллари, зеб-зийнат буюмлари ишлаган. 19-а. заргарлари зумрад, дурру марварид, ёқут, феруза, ақиқ, садаф каби қимматбаҳо тошларни олтин ва кумушга қадаб сержило, жозибали зеб-зийнат буюмлари яратишган. Уларга болғалаб (зарб бериб), ҳаллаб ўйиб, бўрттириб нақш ясаб, босиб (сиқиб), қолиплаш усулларида ишлов берилган.
19 – а. ўрталарида Риштон қишлоғи қу-лоллари элга машҳур бўлди. Шу даврда Абдужалил, Тўхта, Абдулла каби усталар ишлаб ўзига хос Риштон кулоллик услубини яратишди. Риштон сопол идишларининг оқ заминига кўк бўёқ билан безак чизилган. Безак мужассамоти доира шаклида туширилиб, идишнинг туби ва четлари ажратилган. Асосий безаги йирик сербарг гуллардан иборат бўлиб, ораси нозиқ печак сингари новдалар билан тўлдирилган. Тўрсимон ҳошия нақшлар орасига анъанавий кўзчалар қўйилган. Риштон буюмлари қатори Вардонзе, Ғиждувон, Каттақўрғон, Шаҳрисабз, Тошкент кулолларининг буюмлари ўзига хос шакли, безак мужассамотлари, нақшлари билан ажралиб турган.
20-а. бошларида Ўзбекистон амалий безак санъати қад. анъаналарга асосланган ҳолда, янги замонавий мавзулар билан бойитиб ривожлантирилди. Аксарият бадиий қунармандлик соҳалари тикланди. Фарғона анъанавий тўқимачилик санъати ўрганилиб, абр гулли кийимли ипак матолар (А. Ахмедов), Бухоро йирик гулли матоларидан бино ичини безайдиган бадиий буюмлар: дераза-эшик пардалар, чойшаблар, дастурхонлар ишлаб чиқарилди. Анъанавий читгарлик (А. Абдуғафуров, К. Қўзиев, Ғ. Қўзиев), гиламчилик ва палос тўқиш (Г. Абдуллаев) да мавзули тасвирлар беришга, кишилар сиймосини яратишга ҳаракат кучайди. Кандакори буюмларга ҳам тасвирий безаклар бериш расм бўлди. 19 – а. анъаналарини каштачи К. Мусажонов, опасингил Ражабовалар (Чуст «тус» дўппилари, Шаҳрисабз «ироқи»ларини яратишган), кулол Т. Миралиев, У. Шерматов, М. Исмоилов ва б. давом эттирди. Заргарлик буюмлари шакл жиҳатдан анча соддалаштирилса ҳам қад. анъанавий усулларда ишланди. 30 – й. лар ўрталаридан саноатда бадиий матолар и. ч. йўлга қўйилди. Тошкент тўқимачилик к-ти сатин, чит, урушдан кейинги йилларда Марғилон шойи тўқиш к-ти сунъий ва ипак матолари ишлаб чиқара бошлади. 60—70 – й. ларда Марғилон «Атлас» бирлашмаси, Наманган шойи тўқиш ф-каси абр гулли ипак матолар чиқарди. Тақсим усулида йирик гулли килиб ишланган «араби» хилидаги, сидирға ва майда гулли «терма» палослар (Т. Жўраев, Б. Мирзаева, О. Холматова), зардўзи дўппи, нимча, йирик намоёнлар (А. Аминов, М. Аҳмедова, В. П. Столяров), сўзана, палак, гулкўрпа ва турли қийиқлар, майда ҳайкалтарошликда анъанавий сопол ушпулаклар (У. Жўрақулов, Ҳ. Раҳимова) қатори беғубор ҳазил руҳи акс этган ҳайкалчалар (А. Мухторов) яратилди.
Ac. сўнгги 80 — 90 – й. лар ичида қуйидаги асосий йўналишларда ривожланди: 20 дан ортиқ халқ ҳунармандлигини ўз ичига олган халқ Ас; енгил (чинни буюмлар, бадиий матолар) ва маҳаллий (сопол, ёғоч буюмлар, гиламчилик, каштачилик, зардўзлик ва б.) саноатни ўз ичига олган бадиий саноат; кўргазма, интерьер ва манзарали кулоллик буюмлари, гобелен, шиша, чинни ва заргарлик санъатида анъанавий бўлмаган буюмлар яратувчи рассомлик ижоди билан боғлиқ малакали якка тартибдаги муаллифлик безак санъати.
Халқ Амалий Санъат ини ривожлантириш, унинг унутилган турларини қайта тиклаш ва тарақкий эттиришда «Усто» бирлашмаси (1978) муҳим роль ўйнади. Кулоллик, кандакорлик, тош, ёғоч ва ганч ўймакорлиги, наққошлик, заргарлик санъати, зардўзлик, гиламчилик ва кигизчилик, лок миниатюраси, бадиий тўқимачилик, носқовоқ, тўқима рўзғор буюмлари, чинни, шиша буюмлар тайёрлаш ва б. А. с. турлари ривожланмоқда. Ганч ўймакорлигини меъморий безакларда қўллаш бу тўрнинг барча мактаблари анъаналарини ривожлантиришга эътиборни оширди. Усталар турли мактаб анъаналарини уйғунлаштириб, ўта эҳтиёткорлик билан меъморий безаклар мужассамотига ки-ритмоқда. Бадиий ҳаётда рўй бераётган жараённинг таъсири ҳамда маҳаллий бадиий анъаналарнинг бойлиги бадиий тажрибада анъанавий бўлмаган якка тартибдаги муаллифлик безак санъатини ривожлантирмоқда. Бадиий тўқимачилик, чинни, шиша, кулоллик буюмлари кўргазмаларда тез-тез намойиш зтилмоқда, айни пайтда шаҳар маиший, меъморий ва б. муҳитини бойитиш воситасига айланмоқда. Жумладан анъанавий бўлмаган кулоллик, гобелен тайёрлаш ривожланмоқда, усталарнинг ишлари кўргазмаларда намойиш этилмоқда. 70 – й. лардан кулоллик асарлари Тошкент ва б. шаҳарлардаги жамоат биноларини безамоқда: Халқлар дўстлиги саройи, «Чорсу» меҳмонхонаси, Тошкент метрополитени бекатлари ва б. Ўзбекистон республикаси мустақиллиги Ас. нинг барча шаклларини ривожига мус-таҳкам замин яратди. Шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида қадимдан шаклланган, жаҳонга машҳур нафис санъатлар мактабларининг ноёб анъаналарини авайлаб асраш, ўрганиш, бойитиб бориш, миллим тасвирий, амалий, миниатюра санъатининг нодир дурдоналарини дунёга олиб чиқиш ва тарғиб қилиш, нафис санъатлар соҳасидаги илмий изланишларни и. ч. га татбиқ этиш, замон талабларига мос бадиий таълим тизимини барпо этиш, юқори малакали мутахассислар тайёрлаш, академик и. т. ишларини такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Бадиий академияси ташкил этилди (1997 й. 23 янв. қарори). «Халқ бадиий ҳунармандчиликларини ва амалий санъатини янада ривожлантиришни давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги (1997 й. 31 март) қарори миллий маданиятни ривожлантиришда халқ бадиий ҳунармандчиликлари ва Амалий санъатнинг аҳамиятини ошириш, қўлда ишланадиган юксак бадиий буюмларни тайёрлаш асрий анъаналарини ва ўзига хос турларини қайта тиклаш ҳамда халқ ҳунармандларига давлат томонидан мадад кўрсатишда муҳим аҳамият касб этади. Халқ анъанавий Амалий санъатнинг янгидан тикланиши ва ривожланиши ҳар йили Наврўзда ўтказиладиган Амалий санъат асарлари кўргазмасида намоён бўлмоқда. Амалий санъатнинг ҳамма соҳаларида профессионал рассом, ҳайкалтарошлар ўртасида ҳамкорлик мавжуд. Амалий санъатнинг шаклланиши, тараққиёти жараёнида бадиий услублар алмашинуви санъатнинг бошқа турлари билан боғлиқ равишда давом этади.