АМБУЛАТОРИЯ

АМБУЛАТОРИЯ (лот. ambulatorius — юриб бажариладиган) — қатнаб даволанадиган кичик тиббий муассаса. Амбулаториялар кўпроқ қишлоқ жойларида ташкил этилади. Унда асосий касалликлар (ички, жаррохлик, аёллар касалликлари) мутахассислари ишлайди. Шу билан Амбулатория поликлиникадан фарқ қилади. Маълумотларга қараганда, Туркистонда Амбулаторияга ўхшаш шифохоналар қадим замонларда ҳам бўлган. 17-а. да Бухородаги машҳур «Буқъаи дор ушшифо» касалхонаси қошида қатнаб даволанадиган беморлар учун махсус бўлим ташкил қилинган. Ўзбекистонда биринчи Амбулатория 1878 й. да Тошкентда очилган. Ҳоз. Алар замонавий диагностика, даволаш ва профилактика воситалари билан жиҳозланган.