АМЕНОРЕЯ

АМЕНОРЕЯ (юн. а — инкор қўшимчаси, men — ой ва rheo — оқаман) — олти ой ва ундан кўпроқ муддат ҳайз кўрмаслик. Агар аёл илгари ҳайз кўрмаган бўлса, бирламчи, олдин ҳайз кўриб юрса-ю, маълум вақтдан сўнг ҳайз қони узоқ вақтгача ёки бутунлай тўхтаб қолса, иккиламчи Аменорея бўлади. Физиологик Аменорея балоғатга етмаган қизларда, ҳомиладорлик, бола эмизиш ва климактерия даврида учрайди. Патологик Аменорея оғир инфекцион касалликлар (терлама, сил, сепсис), умумий дармонсизлик, моддалар алмашинувининг бузили ши, ички секреция безлари фаолиятининг ўзгариши, организмнинг захарланиши, бачадонга турли эритмалар қуйилиши туфайли рўй беради. Баъзан Аменореяда касаллик белгилари кузатилади, юз ва бошга қон кўп келиб, тўсатдан иссиқ сезилади, кейинчалик эса эт увушади, совуқ тер босади, қулоқ шанғиллайди ва б. Ҳайз цикли бузилган ҳолларда дарҳол врачга уч-рашиш ва унинг кўрсатмаларига амал қилиш лозим.

Prev Article

АМБУН

Next Article

АМЕРИКАНА