АМЕРИКАЛИКЛАР

АМЕРИКАЛИКЛАР — АҚШ аҳолисининг кўпчилик қисмини ташкил этадиган халқ. А. 194,2 млн. кишидан ортиқ (1992), жумладан АҚШда 193 млн. киши. Канадада 320 минг киши, Мексикада 135 минг киши, Буюк Британияда 120 минг киши яшайди. Америкаликлар миллати 17-а. нинг бошларида Англиянинг Шим. Америкадаги мустамлакасига Европадан кўчиб келган кишилар (инглиз, шотланд, ирланд, голланд, француз, испан ва б.) дан ташкил топган. Америкаликлар миллати асосан Шим. Америкада мустақиллик учун кураш (1775 — 83) арафасида ва шу кураш мобайнида шаклланган. АҚШга муҳожир бўлиб келган турли-туман этник гуруҳлар ассимиляция бўлиб, Америкаликлар қиёфасига, тили ва мадания-тига ўз ҳиссаларини қўша бордилар. 19-а. ўрталарида, фуқаролар уруши (1861 — 65) арафасида АҚШга кўп ирланд ва немислар келди. 19 – а. нинг охирларида эса Ғарбий Европа билан бир қаторда Шарқий ва Жан. Европадан, Осиёдан муҳожирларнинг кела бошлаши Америкаликларнинг этник хилма-хиллигини кучайтирди. 1 – жаҳон уруши даврида (1914 — 18 й. ларда) Мексикадан, Лотин Америкасининг бошқа мамлакатларидан ҳам жуда кўп муҳожирлар келди. 1 – жа-ҳон урушидан кейин чет эллардан кўчиб келиш қонуний чеклаб қўйилгач, келгиндилар сони камая бошлади. Диндорлари асосан протестантлар, католиклар. Америкаликлар миллати нисбатан ёш. Этник жиҳатдан қўшилиш жараёни туғалланганича йўқ. Кўпгина миллий гуруҳ (поляк, итальян ва б.)лар ўз мамлакатлари маданиятларини қисман сақлаб қолганлар, лекин инглиз тилида сўзлашадилар. Америкалик ўзбеклар ҳам тил, урф-одат, маданиятларини сақдаб қолганлар (яна қ. Америка Қўшма Штатлари мақоласининг Аҳолиси қисмига). Америкаликлар инглиз тилининг американ шевасида сўзлашади. Шартли равишда баъзан Америка қитъасида яшовчиларнинг ҳаммасини Америкаликлар деб атайдилар.

Next Article

АМЁБИАЗ