АМИНОКИСЛОТАЛАР

АМИНОКИСЛОТАЛАР — молекуласида амин ва карбоксил гуруҳи бўлган органик бирикмалар, ўсимлик ҳамда ҳайвон оқсилининг асосий элемента ҳисобланади. А — рангсиз, сувда эрувчан кристалл моддалар. 200 та табиий Аминокислоталар маълум. Лекин оқсиллар таркибида фақат 20 Аминокислоталар ва уларнинг 2 та амиди учрайди. Қолганлари оқсиллар таркибига кирмайди. Аминокислоталарнинг Д-ёки L-қаторга тегишлигини Н ва NH2 гуруҳнинг углерод атомида қандай жойлашганлиги кўрсатади. Деярли барча табиий А L-қаторига киради. Д-қаторга мансуб Аминокислоталар табиатда камданкам бўлиб, микроорганизмлар таркибида топилган. Анинг L-формаси ўсимликлар томонидан яхши ўзлаштирилади ва у моддалар алмашинувининг барча жараёнларида қатнашади, лекин Д-формаларини ўсимликлар ўзлаштира олмайди, баъзан улар моддалар алмашинуви жараёнларини тўхтатиб қўяди. Бу организмнинг ферментатив системаси Аминокислоталарнинг L-қаторига мослашганлигидан дарак беради. Аминокислоталар организмда эркин ҳолда ва оқсиллар ёки б. бирикмалар таркибида учрайди. Оқсиллар синтези учун а формали 20 Аминокислоталар — протеиноген Аминокислоталар (лизин, гистидин, аргинин, аспартат кислота, аспарагин, треонин, серии, глутамат кислота, глутамин, пролин, глицин, аланин, цистеин, изолейцин, лейцин, метионин, валин, тирозин, фенилаланин ва триптофан)дан фойдаланилади. Оқсиллар таркибида учрайдиган Аминокислоталар эса уларнинг ферментатив ўзгариши натижасида ҳосил бўлади. Айрим Аминокислоталар ҳайвон ва одам организмидан синтезланмайди. Бу алмашинмайдиган аминокислоталардир. Одам организми учун 8 (триптофан, фенилаланин, метионин, лизин, валин, треонин, изолейцин ва лейцин) алмашинмайдиган А бор.

Ўсимликлар ўзи учун зарур бўлган барча азотли бирикмаларни синтезлаш қобилиятига эга. Аминокислоталар синтези жараёнида аммиакли азот органик бирикмаларга айланади. Ўсимликларда ҳосил бўлган Аминокислоталар узлуксиз алмашиниб туради. Улар асосан, оқсиллар синтези учун сарфланади, шунингдек, декарбоксилланиши, азот асослари ва б. бирикмалар синтези учун ишлатилиши, аминогруппани ажратиб юбориши, тўлиқ оксидланиши ва организм учун энергия манбаи бўлиб хизмат қилиши мумкин. Кўпчилик Аминокислоталар тиббиётда, чорвачиликда, шунингдек озиқ-овқат ва микробиология саноатида қўлланилади. Ҳозир Аминокислоталардан ўғит сифатида ҳам фойдаланилмоқда.

Аҳмад Иброҳимов.

Loading...