АМИНОҚАНДЛАР, аминодезоксиқандлар — молекуласидаги бир ёки бир неча гидроксил гуруҳлар (альдозалардаги яримацетил ёки кетозалардаги яримкеталдан ташқари) ўрнига алмашинган ёки алмашинмаган аминогуруҳлар киритилган моносахаридлар. А. қайтарувчилар бўлиб, қандларга хос реакцияларга киришади, лекин асослар хоссаларини намоён қилади. Улар табиатда кенг тарқалган, ҳайвонлар, ўсимликлар ва микроорганизмларнинг мураккаб оқсиллари, липидлар, полисахаридлар, глюкозалар ва б. таркибида учрайди, кўпгина гормонлар, антибиотиклар ва б. биологик муҳим моддалар таркибига киради. Аминоқандлардан глюкозамин ва галактозаминлар кенг тарқалган. Кўп Аминоқандлар синтетик усулда олинган.